Оила

Бахтли оилавий ҳаёт сири - уй юмушларини дам олиш кунларига қолдирманг

Кўпчиликнинг фикрича, муҳаббат ва ўзаро муносабатларга кундалик турмуш ташвишлари раҳна солади. Бир-бирини яхши кўрувчи жуфтлик оила қургандан кейин юзага келувчи кундалик юмушлардаги турлича қарашлар, бир-бирини тушунмаслик натижасида можаролар келиб чиқа бошлайди. Бу эса оилавий муносабатларни издан чиқаради.

Бироқ шундай жуфтликлар борки, улар турмуш қургандан кейин ҳам вақтни биргаликда ўтказиш, керакли маҳсулотларни биргаликда харид қилиш, уй юмушларида бир-бирига ёрдам бериш ва бундан завқ олишда давом этади. Хўш, бундай оилалар оилавий бахтнинг қайсидир сиридан хабардорми?

Одатий оилалардан бирининг ҳаёт тарзини кўриб чиқсак

Эрталабдан ҳамма иш, ўқиш ва боғчага шошилади. Кундузи ишдаги масалалар ечими билан машғул бўлиб, кечқурун чарчоқ билан жимгина овқатланади, дарс қилади, баъзан бироз суҳбатлашади. Бу суҳбат ҳам кўпинча бир-бирининг ҳаракатларидан норозилик ёки болаларнинг мактабдаги баҳосини муҳокама қилишга бағишланади.

Дам олиш кунлари етиб келади. Энди уйғонгандан дўконга югуришга, овқат тайёрлашга, уйларни йиғиштириб, кир ювишга улгуришга ҳаракат қила бошлаймиз. Жуда камдан-кам ҳоллардагина оила аъзоларимиз билан бирор ерга дам олиш учун боришимиз мумкин.

Ҳафта давомида чарчоқ ва асабийлик тўпланиб қолганлиги учун бир-биримизга овозимизни кўтарамиз, урушамиз, йиғлаймиз, ота-оналаримизга ҳатто қўнғироқ қилиб қўйишни ҳам унутамиз.

Бутун ҳаётингизни шу тарзда ўтказишни истамасангиз, бахтли оилавий ҳаёт сирини топишга уриниб кўринг.

Уйдаги юмушларни дам олиш кунларига қолдириш одатидан воз кечинг! Мана асосий сир.

Ҳеч қачон ҳеч нарсани дам олиш кунларига қолдирманг, барча уй ишларини тонгда ёки кечаси бажариб қўйишга ҳаракат қилинг. Улгурмаганларингизни эртаси куни бажаринг. Чунки оилавий дам олиш барчасидан муҳим ҳисобланади. Сифатли дам олишгина сизга ҳам жисмонан, ҳам маънан, бутун танангиз билан ҳордиқ чиқариш имконини беради. Бундай дам олишдан кейин сиздаги барча чарчоқ ва серзардалик йўқолади. Натижада сиз бир-бирингиз билан кўпроқ мулоқот қилиш, болаларингиз муваффақиятларидан хурсанд бўлиш учун вақт ажрата бошлайсиз.

Баъзан уй юмушларини бажаришга оилангиздаги барчани жалб қилинг. Овқат тайёрлаш, жавонларни тартибга келтириш жараёнини қизиқарли суҳбат ёки ўйин шаклида ўтказинг.

oshxona

Ишдан кейин харидларни қилишга, телевизор томоша қилиш ёки оилавий суҳбат чоғида кийимларни дазмол қилиб қўйишга одатлансангиз, сизни мароқли ҳордиқ чиқариш  учун бўш вақтга бой дам олиш кунлари кутади.

Яна бир муҳим қоида - тозалик ва тартибни идеаллаштиришга ҳаракат қилманг

Агар фарзандингиз бирор нарсани жойига қўйишни ёдидан чиқарган ёки бирор жойда чанг қолиб кетган бўлса жазавага тушманг. Наҳотки идеал даражадаги тозалик ва тартиб оилавий муносабатлар ва муҳаббатдан устун бўлса? Доимий равишда камчиликларни таъкидлаб туриш ва танқидий фикр билдириш эрингизга ҳам, болаларингизга ҳам ёқимсиз ҳолатдир. Тартибга кўникиш учун тинмай бир нарсани такрорлаб туриш керак деб ўйласангиз адашасиз. Бунга аста-секинлик билан эришиш мумкин.

Ўзингизни ёмон ҳис қилаётган пайтда ҳам уй юмушларини бажаришга ҳаракат қилманг

Уй юмушлари кутиб туриши мумкин. Сиз эса яқинларингизга соғлом ва ҳаётдан завқланадиган ҳолда кераксиз. Ўзингизга келиб, куч тўплаб олганингиздан кейин тўпланиб қолган ишларни икки баробар тезроқ бажаришингиз мумкин.

Кечқурун уйга қайтган турмуш ўртоғингиз сочлари чиройли турмакланган, дам олган рафиқасини кўрсин! Бу кун бўйи уй юмушларидан чарчаган, серзарда аёлни кўришдан анча ёқимлироқ, шундай эмасми?

Бахтли оилавий ҳаёт сири - ўз қўлингизда!

Мақолани тайёрлашда "Мы и семья" сайти маълумотларидан фойдаланилди.