Саломатлик

Буйрак хасталикларининг халқона давоси

Дунё статистикасига кўра, шифокорга мурожаат қиладиган ҳар йигирманчи кишининг буйрак соҳасида бирон муаммо борлиги аниқланар экан. Аксарият ҳолларда улар буйракдаги сурункали шамоллаш, қум, туз ҳамда тош йиғилишлари билан ифодаланаркан. Ҳозирги кунда буйрак билан боғлиқ касалликлар самарали даволанмоқда. Аммо уй шароитида қўлланиладиган фойдали рецептларни билиб қўйиш ҳам зарар қилмайди.

«Микробларга чидамлилигини оширади»

— Биз оиламиз билан қиш мавсумида қуритилган мевалардан компот ва шарбатлар тайёрлаб ичишга одатланганмиз.

Айниқса, қуритилган майиз, туршак, олма кабилардан тез-тез компот қайнатиб, ҳар замонда чой ўрнида ичиб турсангиз, организм керакли витаминлар заҳирасини тўлдиради. Табиий компотлар буйракларни ювиб, микробларга чидамлилигини оширади.

Ҳалима Аҳророва, Андижон вилояти

«Қум ва тузлар ювилиб кетади…»

— Менга бир дугонам ўзи синаб кўрган рецептлардан бирини ўргатганди. Ўшандан бери белимда салгина оғриқ сезсам, тезда шу дамламани тайёрлайман.

Бу дамламанинг пешоб ҳайдаш хусусияти ҳам бор. 1 ош қошиқ далачой (зверобой) ўсимлиги ва шунча миқдорда наъматак мевасини 3 стакан қайнаган сувда дамлаб, 20 дақиқа дам берилади. Тайёр дамламадан бир кунда 3 маҳал 1/4 стакандан ичилади. 10 кун ичиб, 10 кун дам олинади. Сўнг яна шу тартибда икки-уч марта такрорлаш мумкин. Пешоб ажралиши ортиши сабаб буйракда йиғилган қум ва тузлар ювилиб кетади.

Севара Илҳомова, Самарқанд шаҳри

Профилактика учун асал енг!

— Буйрак шамоллаши сабаб қўл-оёқларда шиш пайдо бўлса, асалли муолажани синаб кўриш мумкин.

Асал касалликни даволовчи ва олдини олувчи профилактик усул сифатида ҳам яхши натижа кўрсатади. Асални бир кунда 80 гр.дан 120 гр.гача қабул қилиш мумкин. Эрталаб оч қоринга озроқ қайнаган сув билан истеъмол қилиш айниқса фойдали. Буйрак фаолияти билан боғлиқ хасталикларда тоғ асалининг суюқ хилини танлаган маъқул.

Муҳайё Одилова, Янгийўл шаҳри

Буйрагингизда тош бўлса...

Буйрагимда тош борлигини айтишганида 35 ёшда эдим. Кетма-кет даволансам ҳам тошлар бутунлай чиқиб кетмасди. Оғриқдан кўзимга ҳеч нима кўринмай қолган кунларда нима таклиф қилишса, рози бўладиган даражага етдим. Шунда бир танишим ғалати рецепт ҳақида айтиб берди.

Унга кўра майизнинг чўпини олиб ташлаб, ўрнига юмалоқ мурч донасини жойлаш керак экан. Сўнг биринчи куни бир дона майизни яхшилаб чайнаб ейилади. Иккинчи куни иккита, учинчи куни учтагача етказиларди. «Шу тариқа 10 та мурчли майизни еб бўлгач, бир кун дам олиб, тескарисига ҳисобни давом эттирасиз», деди. Яъни 10 дона майиздан бошлаб, битта қолгунича ейиларди. Хуллас, шу муолажани синаб кўрганимдан сўнг буйрагимда тошлар йиғилиши аста-секин камайди. Кейин билсам, майиз мурч билан бирга ейилганда буйракдаги ҳар қандай турдаги тошни майдалаб, тозалар экан.

Ҳилола Усмонова, Фарғона вилояти

«Кашнич уруғидан фойдаланаман»

Буйракларимда ҳеч қандай муаммо йўқ. Бироқ турли таом ва егуликлар таъсирида нохуш ҳолатлар келиб чиқмаслиги учун вақти-вақти билан буйракларни тозалаб тураман. Бунда менга оддий кашнич уруғи қўл келади.

1 чой қошиқ кашнич уруғини 0,5 литр қайнаган сувда дамлаб, усти ёпиқ идишда эрталабгача қолдираман. Дамламани илиқ ҳолатда кунига 2-3 маҳал қабул қиламан. Муолажа самарадорлигини ошириш учун кечаси 1 стакан сувга 2 ош қошиқ майиз аралаштириб, эртасига кун бўйи оз-оздан ичаман. Майизини эса ейман. Бундай муолажа давомийлиги бир ҳафтани ташкил этади. Содда кўрингани билан бу муолажадан сўнг буйраклар тозаланиб, ортиқча безовталик бўлмайди.

Моҳира Давлатова, Тошкент вилояти

Манба: Darakchi.uz