Кичик кўнгилсизликлар сиқилишингизга арзимайди, аммо кичик муваффақиятлар қувонишингиз учун сабаб бўла олади.
Кундалик ташвишлар, уйда ва ишдаги келишмовчиликлар, шахсий ҳаётдаги муаммолар ҳар қандай инсонни тинчини бузади, соғлиғига зарар келтиради. Айнан шундай ҳаёт, шовқин-сурон , бақир-чақирлар, ишнинг юришмаслиги ҳозирги замонда жуда кенг илдиз отиб бораётган касаллик –депрессиянинг келиб чиқишига асосий сабаб бўлиб қолмоқда.
Хўш депрессия нима? У касалликми ёки инсоннинг маълум бир ҳолатими?
Психологларнинг фикрича депрессия , яъни тушкунлик бу - касалликдир. Уни вақтида даволамаса турли хил асоратларга олиб келиши мумкин. Хўш тушкунликка тушган одамни қандай билиш мумкин? Бундай инсонларнинг кайфияти ёмон бўлади, ҳеч нарсага қизиқмайди. Энг қадрдон одамлари билан ҳам мулоқотда бўлишдан қочади. Атроф муҳитга бефарқ бўлиб, фақат ўзининг муаммоси ва ҳис-туйғуларига ўралашиб қолади. Гўёки бутун ҳаёти шу муаммога боғланиб қолгандек, ўзини бахтсиз, ёлғиз, ҳеч кимга керак эмасдек сезади. Кучли тушкунликка тушган одамлар ҳеч нарса емай- ичмай, қоронғу хонага қамалиб олишлари мумкин. Бундай одамларнинг иштаҳаси йўқолади ёки тинимсиз овқат ея бошлайди. Бунинг натижасида тана вазни ортиб кетиб, турли хил касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади. Тушкунликка тушишнинг кенг тарқалган оғир турларидан бири дистимиядир. Бунда одам ўзини доим омадсиз, кераксиз ҳис қилади. Бундай аҳволдан чиқиб кета олмайди. Доим ўз жонига қасд қилишни ўйлайди.
Хўш, тушкунликнинг сабаблари нима?
Ҳозирги тиббиёт ривожланган даврда ҳам тушкунликнинг туб моҳиятлари тўлиқ ўрганилмаган. Асосан тушкунликка организмдаги физиологик жараёнларнинг ўзгариши, ўта чарчаш, уйқусизлик, узоқ стрессни бошдан кечириш, узоқ вақт гормонал дориларни қабул қилиш, спиртли ичимликлар ва гиёҳвандликка ружу қўйиш, айниқса, оиладаги келишмовчиликлар, доимий жанжаллар, жавобсиз севги, ишнинг юришмаслиги сабаб бўлиши мумкин. Ўсмирларда эса бу янада мураккаблашади. Ўсмирлик ёши дунёқараш, эътиқод, ўзлигини англаш ва баҳолаш каби хусусиятлар шаклланадиган давр. Ўсмир ўз фаолиятини муайян қарор, эътиқод ва шахсий нуқтаи-назари асосида ташкил қилади ва бу борада ўз фикрларини барчаникидан устун қўя бошлайди. Атрофдаги ҳар қандай кишидан унинг шахси ҳақидаги танқидий фикрларни эшитгиси келмайди, хато бўлса ҳам ўз фикрида туришга ҳаракат қилади. Агар катталар унинг фикрига қарши чиқишса, унга қўпол муомилада бўлишса у жуда тез тушкунликка туша бошлайди. Уни тушунишмаётганларидан сиқилади, баъзида катталарни ўз жонига қасд қилиб жазоламоқчи бўлади.
Мана депрессияга нималар сабаб бўлишини билиб олдик. Хўш тушкунликка тушмаслик учун нима қилиш керак. Агар сиз ўзингизда ёки фарзандингизда шундай ҳолатларни кузата бошласангиз рухшунос ёки психотерапевтга мурожаат қилган маъқул.
Тушкунликка тушмаслик учун ҳар қандай ҳодисаларни юргингизга олманг. Бу дунёда ҳамма нарса ўткинчи. Ўтиб кетган кўнгилсиз воқеа ё бўлмаса келажакни ўйлаб безовта бўлманг. Бугун билан яшашга ҳаракат қилинг. Кўпроқ жисмоний машқлар билан шуғулланинг. Тез-тез тоза ҳавода пиёда сайрга чиқиб туринг. Айни бир вақтда ухлаб туришга, 7 соатдан кам ухламасликка ҳаракат қилинг. Ишдан сўнг кечаси қолиб ишламанг. Вақтли ётиб, вақтли туринг. Энг аввало фикрларингизни тартибга келтиринг. Яхши нарсалар ҳақида ўйлашга, сизни хафа қиладиган хотираларни унутишга ҳаракат қилинг. Ҳаётнинг ҳар бир дақиқасидан, ҳар бир ҳодисасидан яхшилик, гўзаллик топишга , кун давомида бирир бир кишига кичкинагина бўлса ҳам яхшилик қилишга интилинг. Бу ўзингиз учун фойдали . Бировга яхшилик қилсанг у сенга 10 баробар бўлиб қайтади. Бу табиат қонуни. Ҳаммага кулиб қаранг. Бу дунёда сизданда бахтсизроқ одамлар ҳам яшаб юришганини унутманг.
Доим ҳаётда эришган ютуқларингизни эслаб туринг. Кун давомида соғлигингиз, оилангизнинг тинчлиги, омадингиз учун шукрона келтириб юринг. Қачонки ўзингизга, ўз кучингизга, иродангизга қалбан ишонар экансиз, ҳар қандай дипрессия ҳолатидан чиқиб кета оласиз. Унутманг, эртанги кун бугунгиданда бахтлироқ, омадлироқ, файзлироқ бўлади. Эртанги кунга ишонч билан қаранг. Сиз фикран кунингиз қандай ўтишини режалаштирсангиз, табиат шундай кунни сизга инъом этади.
Дилбар Ҳамдамова, психолог