Биласизми?

Дўкон ёки бозор: қайси бири афзалроқ?

Сўнгги вақтларда Тошкентда ҳар қандай дид ва ҳамёнга мос тушувчи дўконларга тўла кўплаб савдо марказлари очилди. У ерда қишки қийимлардан тортиб, пайпоққача бўлган ҳар қандай кийим-кечакни танлаб олиш мумкин, шунга қарамай, кўпчилик бозорлардан буюм харид қилишни афзал кўрмоқда. Нима учун? Биз унинг асосий сабабларини аниқлашга қарор қилдик.

Ассортимент

Қанчалик ғалати бўлмасин, ўнта дўкондаги ассортимент битта катта бозорда сотилаётган анвойи кийим-кечаклар ўрнини боса олмайди. Ностандарт кийим ўлчами, аниқ бир нарса сотиб олиш истаги (масалан, яшил пойабзал) ва бошқа омиллар бизни қадрдон буюм бозорига боришга ундайди.

Нарх

Бу бозорлар ютиб чиқишини таъминлайдиган асосий мезон бўлса, ажаб эмас. Мисол учун, дўконларда жинси шимларнинг ўртача нархи 100—600 минг сўм атрофида, бозорда эса муносиб вариантларини 60—70 минг сўмга ҳам топа оласиз. Бозорда футболкаларни 15—30 мингга, юбкаларни 40—50 мингга харид қилиш мумкин. Хитой ёки Туркияда ишлаб чиқарилган нисбатан яхшигина пойабзални 70—80 мингга топиш мумкин, 100 мингга эса бир нечта мавсумга чидайдиган кроссовка сотиб олиш мумкин.

Ва албатта, бозорда савдолашиш имкониятининг борлиги ҳам кишини ўзига жалб қилади — буюмни 2—3 минг сўмга бўлса ҳам арзонлаштириб сотиб олишни ким ҳам истамайди, дейсиз?

Соғлом ақл

Шуниси қизиқки, биз сўровдан ўтказган кишиларнинг ҳар бири бир хил важни келтирди: бозорда ҳам, дўконда ҳам бир хил нарса сотилади-ку, қимматга олишдан маъно нима?

Улар билан баҳслашиш қийин — бозорда 100 мингга сотилаётган оёқ кийим «элита» дўконида бир неча баравар қимматроқ сотилаётганини кўпчилик кўрган бўлса керак.

Шопингнинг қандай турини афзал кўришни ўзингиз ҳал қилинг, асосийси у сизга ҳузур-ҳаловат келтирсин!

Манба: Daryo.uz