Бора-бора кўпроқ касб ва ҳунарлар робот ва машиналарга топширилмоқда. Бозор иқтисодиёти самарадорликка чақиради, шунинг учун корхоналар ёки дўконлар ўз ишчисини тўлаш керак бўлмаган ва хатоликларга йўл қўймайдиган автомат билан алмаштирмоқда. Аслини олганда, бу янгилик эмас, технологиялар ривожланавергани сари бир касб ўрнини бошқаси эгаллаб боради. Қуйида эътиборингизга технологиялар тараққиёти шарофати билан йўқолиб кетган касбларни ҳавола эрамиз.
Уйғотувчи одам (инглизчада кноскер-уп деб аталган)
Ушбу касб Англия ва Ирландияда саноат инқилоби даврларида мавжуд бўлган ва ўтган асрнинг 20-йилларидагина — будилник соат кенг тарқалгач, ўз аҳамиятини йўқотган. Тадбиркорлар бундай кишиларни ишчиларни сменадан олдин уйғотиши учун ёллаган: улар тонгда шаҳарни кезиб, узун таёқ билан уйларнинг деразаларини тақиллатиб юрган.
Маърузачи
Ҳозирда маърузачи деганда университет домласи кўз олдимизга келади, бироқ ХХ аср бошларида ушбу термин билан ишчиларнинг кўнгилочар машғулотларидан бири аталган. Маърузачилар сигара фабрикаларида ишлаган: улар ишчилар зерикиб қолмаслиги учун газета ва бошқа матнларни овоз чиқариб ўқиб турган. Ўша асрнинг 20-йилларига келиб, маърузачилар ўрнини радио эгаллади.
Муз ташувчи
1940-йилларда совитгичлар кенг тарқалгунига қадар одамлар озиқ-овқатларни муз солинган жавонларда сақлаган. Музга бўлган эҳтиёж туфайли вазифаси музлаган кўл ва дарёлардан музни ўйиб олиб, уйма-уй тарқатиб юришдан иборат янги касб пайдо бўлди. Совитгичлар туфайли, ушбу касб деярли йўқолиб кетган бўлса-да, ҳалигача муз етказиб бериш хизмати мавжуд (масалан, ресторанларга).
Ёғоч оқизувчи
ХИХ асрда ёғоч кесувчилар томонидан қулатилган дарахтлар тахта тилиш заводига дарёларда сузиб борган. Қишда кесилган дарахтлар дарёнинг музлаган сатҳида йиғилиб қолиб, баҳор келиши билан муз эригач эса оқим бўйлаб сузиб кетган. Ёғоч оқизувчилар қирғоқда узун таёқлар билан ходаларни тўғри йўналтирган ва йўлдаги турли тўсиқларни олиб ташлаган. ХХ аср бошида темир йўллар ва кўчма тахта тилиш ускуналаридан фойдаланила бошлагач, ушбу касб долзарб бўлмай қолди.
Чироқчи
Электр чироқлар пайдо бўлгунига қадар кўплаб катта шаҳарлар газли чироқлар билан ёритилган, уларни эса ёқиб чиқиш керак бўлган — ва бу билан махсус кишилар шуғулланган. Чироқчилар узун нарвонлар орқали чироққача кўтарилиб, уни гугурт ёки мойчироқ билан ёққан.
Телефончи аёл
ХИХ аср охирида биринчи тижорий телефон линияси ишга тушганида дастлаб ўспирин болаларни ишга ёллашган. Бироқ улар ўйинқароқлик қилиб, қўнғироқ қилганларни лақиллата бошлагач, компаниялар ишга аёлларни ола бошлаган. Телефончи аёллар махсус шнурланадиган тахта қаршисида ўтириб, турли телефон линияларини бир-бирига ёки биридан олиб, бошқасига улаган. Телефон операторлари 1980-йилларгача ҳам қўлда ана шу тарзда ишлашган.