Саломатлик

Эҳтиёт бўлинг, ёзги ангина!

Бу ҳолатга деярли ҳар биримиз дуч келамиз. Баъзилар эса шу касаллик билан умрбўйи курашиб келишади. Ёзнинг жазирама кунларидаги ангина эса икки карра муаммоли. Гап оддийгина томоқ оғриғи ҳақида кетмоқда. Лекин мана шу оддий оғриқни вақтида даволамасангиз, асорати муҳим аъзолар, айниқса юракда сезилиши мумкин. Ушбу касаллик ҳақида шифокор-отоларинголог Тимур МАДАЗИМОВ маълумот беради.

Кўп йиллардан бери ангинадан азият чекаман. Бу касалликнинг сабаби нимада? Нима қилсам унинг ҳуружларидан сақланишим мумкин?

Шоҳида, Тошкент шаҳри

ТАРҚАТУВЧИСИ ЎЗИНГИЗДА

Одамнинг томоғи исталган микроб-вирус учун очиқ дарвозадек гап. Аммо биз доим касал бўлмаймиз. Сабаби, айнан томоқда микробларни ўтказмайдиган лимфа узуги бор. У ердаги киллер-ҳужайралар томоққа яқинлашган касаллик чақирувчи бактерияларни қириб ташлайди. Баъзан қўзғатувчи ичингизда – қулоқ, бурун, кариесли тишлар, ҳуллас, яллиғланиш ўчоғида тинчгина яшайди. Кучли чарчоқ, ёз кунлари кондиционер тагида ўтириш, муздек сувни ҳузурланиб ичиш, ҳатто қаттиқ асабийлашиш таъсирида иммунитет сустлашса, касаллик бошланади. Ангина хаста одам билан яқин мулоқотда бўлганда ҳам юқади.

БЕЛГИСИГА ЭЪТИБОР БЕРИНГ

Бодомча безлари яллиғлангани сабаб, томоқ қичишади, беҳоллик қийнайди, ютинганда томоқда оғриқ сезилади. Бу енгил тури бўлиб, вақтида даво чоралари кўрилса, 3-4 кунда ўзингизга келасиз. Аммо ангинанинг кучлироқ (фолликуляр) турига учраган бўлсангиз, касаллик баланд иситма билан бошланади, одам титрайди, оғриқ қулоқда, мушак, қўл-оёқ бўғимлари, ҳатто белда сезилади, иштаҳаси бўғилади. Касалликнинг бу тури 10 кундан зиёд давом этиши мумкин.

ДОРИНИ ФАҚАТ ШИФОКОР БУЮРСИН

Доривор воситаларни фақат шифокор тавсияси билан қабул қилиш керак. Одатда, антибиотик ёрдамига таянилади. Шу йўл билан касаллик сурункали тус олмайди. Асосийси, бу даврда давони «яхши бўлиб қолдим-ку», дея тўхтатманг. Чунки организмда микроблар қолиб кетиб, кейинчалик шу антибиотик умуман ёрдам бермай қўяди. Томоқ оғриғининг илк белгиларини сезишингиз заҳоти, кейин асорати бўлмаслиги учун 2 кун, албатта, ётиб дам олинг. Овқатни камроқ есангиз-да, суюқликни тез-тез, илиқ (қайноқ эмас) ҳолда ичинг. Касалликдан кейин иммунитетни кўтариш ишлари – чиниқиш, бадантарбия билан шуғулланиш ва оғизни ҳар куни шўр сувда чайиш сизни касалликдан асрайди.

ГИГИЕНА МУҲИМ

Ангина юқумли касаллик! Оила аъзоларига юқмаслиги учун, идиш-товоғингизни алоҳида қилинг. Бу шахсий буюм ва анжомларга (сочиқ, ётоқ чойшаб ва ҳ.к.) ҳам тегишли.

  • Узоқ вақтдан бери йирингли ангинадан қийналаман. Табибга борганимда касалимни даволашда бир усулдан фойдаланди: қулоғимдан қон чиқарди. Ушбу усул ҳақиқатан ҳам ангинада кор келадими?
  • Аввало, табиб аниқ қандай муолажа қилганини билмаймиз, балки у қулоқ атрофига зулук қўйгандир? Бунинг таъсирида беморнинг тана ҳарорати пасайиб, аҳволи яхшиланган бўлиши ҳам мумкин. Унутманг, ҳар бир беморга буюриладиган даво индивидуал (унинг ўзига хос) бўлиши керак. Ахир бир кишига кор келган усул бошқа бир одамда аллергик реакция чақириши ёки ундан-да нохуш ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин. Маслаҳатим, бу касаллик билан бевосита шуғулланадиган терапевт, ЛОР шифокори кўригидан ўтиб, тегишли таҳлиллар топширган ҳолда даволанинг. Ноанъанавий тиббиётга қизиқсангиз, уй шароитида қуйидаги даво чораларини қўллашингиз мумкин:

Нафиса, Тошкент вилояти

Шотут, анор шарбатларини иситиб ичиш ангинани қувишга ёрдам беради.

*Лавлаги шарбатини 1-2 лимон шираси билан аралаштириб, томоқ чайилади. Аралашма тезкор ва самарали даво беради.

*Шивитли чойни кун давомида ичиб юрилади ва томоқ чайилади.

*Қалампирмунчоқ дамламасида оғиз чайилади.

*Буғдой қипиғини қайнатиб, сувини кун давомида илиқ ҳолатда ичилади.

*Асалари мумини 10 дақиқа давомида чайнаб кейин туфлаб ташланади.

ОЛДИНИ ОЛИШ ОСОНРОҚ!

Ангинага чалинмаслик учун сизни ҳеч нарса безовта қилмаса-да, ЛОР шифокорига бориб, қулоқ-томоқ-халқум аъзоларини яхшилаб текширтириб, томоғингизни 1-2 марта ювдириш керак. Бу билан томоқ-халқумдаги яллиғланиш йўқотилади ва касалликнинг олди олинади. Афсуски, бу йўлдан деярли ҳеч ким фойдаланмайди. Ваҳоланки, бу билан ҳаловатингиз, вақтингиз ва нақдингизни асраб қоласиз. Тишлардаги кариес, аёлларда цистит ва бошқа яллиғланишларни ўз вақтида даволасангиз, асосан мева-сабзавотлар ва шарбатларни кўп-кўп истеъмол қилсангиз, ангина сизга яқинлашмайди.

Барно ХОЖИМИРЗАЕВА тайёрлади

Манба: Darakchi.uz