Адлия вазирлиги Тошкент ва Тошкент вилоятига доимий пропискага қўйилиши мумкин бўлган Ўзбекистон фуқаролари тоифалари рўйхатининг 5-банди ҳамда Ўзбекистон фуқароларининг Тошкент ва Тошкент вилоятига доимий прописка ва яшаш жойи бўйича ҳисобга қўйиш тартиблари тўғрисидаги низомга ўзгартишлар лойиҳасини тайёрлади. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.
Бугун эр ёки хотин 5-банд бўйича Тошкент ва Тошкент вилоятига доимий пропискага кириши учун улардан бири доимий прописка учун мурожаат қилган вақтдан бошлаб энг камида бир йил бирга яшаши талаб қилинади. Мазкур талабни ўзгартириш таклиф қилинмоқда. ўзгартиш тасдиқланган тақдирда, эр (хотин) турмуш ўртоғи доимий пропискага қўйилган жойга у билан бирга яшаган вақтидан қатъи назар доимий пропискага кириши мумкин.
Бунда қонун лойиҳасини ишлаб чиқувчилар 2016 йилда амалга жорий этилган қоидани сақлаб қолди. Унга кўра, доимий пропискага қўйилгандан бир йил ичида никоҳ бекор қилинса, доимий пропискани олиш тўғрисидаги қарор ҳам ўз кучини йўқотади. Мазкур чора прописка олиш мақсадида сохта никоҳдан ўтиш ҳолатларига чек қўйиш учун жорий этилган.
Бундан ташқари, Тошкент ва Тошкент вилоятига доимий пропискага қўйиш учун талаб қилинувчи ҳужжатлар рўйхатига ўзгартишлар киритиш ҳам режалаштирилган. Жумладан, 5-банд бўйича прописка олиш учун турар жой ҳужжатлари нусхаси ва мулк эгасининг (эгаларининг) турар жой майдонини тақдим этишга розилик аризаси ёки аризани шахсан топшира олмайдиган ҳолатда нотариал тасдиқланган аризани тақдим этиш талаб қилинмаслиги мумкин.
Ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамасида юқоридаги ҳаволалар орқали иштирок этиш мумкин.