Эрталабки одатларингиз бутун кун бўйи кайфиятингиз қандай бўлишини белгилайди. Шунингдек, улар кўринишингиз ва саломатлигингиз яхши бўлишига ҳам ёрдам беради.
Бир пиёла сув ичинг
Мутахассислар уйқудан тургандан сўнг бир пиёла сув ичишни маслаҳат беради, ахир тун бўйи анча суюқлик буғланиб, терини тарк этади. Сувга лимон бўлагини қўшсангиз, янада яхши — лимон шарбати жигардан токсинлар чиқиб кетишини таъминлайди, сув эса ушбу шлакларни ювиб кетади.
Нонушта қилинг
Айнан эрталабки озуқа бизга бутун кун учун қувват беради, шу сабабли унга жиддий ёндашиш зарур. Диетологлар кунни сўли ёрмаси (овсянка) билан бошлашни маслаҳат беради. Унда Б гуруҳига оид витаминлар кўп миқдорда мавжуд бўлиб, улар асаб тизимимиз саломатлиги, шунингдек тери тозалиги ва сочлар қалинлиги учун жавоб беради.
Совуқ сувда ювининг
Совуқ сув юзни тетиклантириб, қон айланишини яхшилайди. Бундан ташқари, совуқ сувда хлор консентратсияси иссиқ сувдагига қараганда кучсизроқ бўлади, бу эса тери учун фойдалироқдир.
Ўз биоритмингизга қулоқ туринг
Организмимиз ўзининг ички соатига қараб яшайди ва сутканинг турли қисмида маълум бир протседураларни турлича қабул қилади. Чунончи, эрталабки 8 да қон айланишимиз фаолликнинг чўққисига чиқади. Тери эса нимага дуч келса, ўшани ўзига дарҳол сингдириб олади ва ўша пайтда аллергияга мойиллиги кучли бўлади. Шу туфайли эрталаб ҳуснбузарларни сиқиш, ҳаммом ва сауна қабул қилиш тақиқланади. Бироқ бассейнда чўмилиш, аксинча жуда фойдали бўлади. Бундан ташқари, озиш мақсадида югурмоқчи бўлсангиз, бу ҳам эрталаб айни муддаодир.
Терини тозаланг
Кўпчилик терини фақат кечқурун тозалаш керак, кечаси билан у кирланишга улгурмайди, деб ҳисоблайди. Таъкидлаш жоиз, тери туни билан нафас олади, ёғ ва намлик ажратиб чиқаради, уларга эса хонадаги турли чанглар ёпишади. Бироқ теримиз энг кўп ўз ажралмаларидан — ўлик ҳужайралардан азоб чекади, улар юз рангини хира қилиб, эрта қаришга олиб келади.
Будилник билан уйғонинг
Мутахассислар фикрича, эрталаб будилник жиринглагач, уни бир неча дақиқа кейинга суриб, ухлаш организм учун умуман фойдасиз. Аксинча, бундай пайтдаги уйқу безовта, сифатсиз ва самарасиз бўлади. Будилник бонг уриши билан уйғониш одатини ривожлантиринг, ухлашга ётишда будилник милларини ҳар доим бир хил вақтга қўйинг.