Биласизми?

Гўзаллик ва кимё: косметологияда қандай кислоталар ишлатилади?

Гиалурон кислота, ретинол кислота, салицил кислота… Сиз бу номларни кремлар таркиби ҳақидаги ёрлиқларда кўп учратган бўлишингиз керак. Ҳақиқатан ҳам, бу моддаларнинг қандай фойдали томони бор?

Гиалурон кислота – инсон организмидаги турли тўқима ва биологик суюқликларда бўлади. Унинг битта молекуласи сувнинг мингтагача молекуласини тортади ва ушлаб туради. Шунинг учун, терингизнинг қуруқ бўлишини хоҳламасангиз, таркибида «гиалурон» бўлган кремларга эътибор қаратинг.

Ферул кислота – таркибида тери қаришининг олдини олувчи антиоксидантларнинг кўплиги жиҳатидан энг юқори ўринда туради. Агар, қиммат кремларга маблағ сарфлашни хоҳламасангиз, организмдаги бу модда етишмовчилигига кўпроқ кўкатлар истеъмол қилиш ёрдамида барҳам беришингиз мумкин.

Салицил кислота — косметология афсонаси деса ҳам бўлади. У антибактериал, антисептик ва шамоллашга қарши воситадир.

Ретинол кислота – қарилик билан курашишда энг фойдали ёрдамчи ҳисобланади. У дерматологлар томонидан теридаги учта муаммони бартараф этиш мақсадида тавсия қилинган: акне, ажинлар ва пигментация.

Шуни эсда тутингки, агар терингиздаги муаммо сабаби соғлиғингиз билан боғлиқ бўлса, ҳеч қандай косметик восита сизга ёрдам бера олмайди. Яхшиси, шифокорга мурожаат қилиб, даволанганингиз маъқул.

Манба: Daryo.uz