Ҳомиладорлик

Ҳомиладорларга қандай озиқ-овқатлар мумкин эмас?

Бу мақолада ҳомиладорлик даврида нималарни ейиш мутлақо мумкин эмаслиги шунингдек, қайси озиқ-овқатлардан ўзини тийиш маъқуллиги ва қайсиларини чеклаш кераклиги тўғрисида айтмоқчимиз.

Ҳомиладорликда истеъмол қилиш мутлақо мумкин бўлмаган озиқ-овқатлар

— Спиртли ичимликлар. Уларни истеъмол қилиш болангиз соғлиғи ва ўсишига тузатиб бўлмайдиган даражада салбий таъсир қилиши мумкин.

— Хом гўшт, балиқ. Улар листерия бактериялари томонидан қўзғатиладиган листериоз касаллиги манбаси бўлиши мумкин. Бу жуда хавфли касаллик. Унинг ҳатто жуда енгил шакли ҳам бола тушишига, ўлик туғилишига олиб келиши мумкин.

— Хом тухум, қайнамаган сут ва улардан қилинган ҳар қандай маҳсулотлар салмонеллез манбаи бўлиши мумкин. Бу касаллик ҳомиладорларда ҳам она учун ва ҳам бола учун оғир оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.

— Ўрмон қўзиқоринлари. Табиат қўйнида ўсадиган қўзиқоринлар атроф-муҳитдаги ҳамма заҳарли моддаларни ўз ичига тўплаб олади.

Ўзини тийиш маъқул бўлган озиқ-овқатлар

— Фаст-фуд егуликлари. Бу овқатларнинг асосий зарари шундаки, улар калорияни ва вазнни оширишдан бошқа ҳеч қандай фойда келтирмайди.

— Ҳар қандай газли ичимликлар. Ҳамма газли ичимликлар таркиби карбонат ангидрид гази (CО2)дан ташкил топган. Бу газнинг пуфакчалари меъдада ёрилади. Бу эса ўз навбатида кекириш, зарда ва қорин дамлашини келтириб чиқаради.

— Қовурилган овқатлар – бу жигар ва буйракка қўшимча оғирлик юклайди. Углеводларга бой маҳсулотларни қовуриш давомида акриломид канцероген моддаси пайдо бўлади. Бу модданинг тўпланиши бола бош мияси ривожланишининг ўзгаришига олиб келади.

— Пишлоқнинг моғорли турига кирувчи рокфор, горгонзола ва юмшоқ пишлоқлардан бри, камамбера. Уларнинг таркибида листерий бактериялари бўлиши мумкин.

Манба: Daryo.uz