Биласизми?

Жаҳон Банки: Ўзбекистонда хотин-қизлар уй қийноқлари ва тегажоғликдан қонунга кўра ҳимояланмаган

2017 йил давомида глобал интернет нашрларида катта шов-шувга айланган аёлларга тажовуз қилиш ҳолати муҳокамаларга сабаб бўлганига қарамай, Women and the Law​ 2018 ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қонунчилик базаси 100 баллик баҳолаш мезонидан 0 баллга тенг, дея эътироф қилинмоқда, деб ёзади Kun.uz.

Жаҳон банки томонидан ҳар йили эълон қилинадиган ҳисоботда таъкидланишича, аёллар ҳуқуқини тўлиқ таъминлашга қаратилган қонунчилик нормасига эга бўлмаган 21та давлат орасида Россия, Микронезия, Яман, Жанубий Судан, Сурия, Мяньма ва Ўзбекистон ҳам бор.

Ҳисоботни тайёрлаш учун «аёл ва эркакларга паспорт бериш тартиби турличами?» деган саволдан бошлаб, жамиятда қизларга тегажоғлик қилиш мавжудлигигача ўрганилган.

Мамлакатда барча меҳнатга лаёқатли аҳолининг 42 фоизини ташкил этувчи аёллар уй ва хонадон шароитида учраган тазйиқ, қийноқ ва қўполликдан қонун бўйича ҳимояланмаганига алоҳида урғу берилган. Шунингдек, аёллар ва эркаклар иш жойида бир хил вазифа, фойда ва имкониятларга эга эмаслиги, пенсия ёшидаги тафовутларга эътибор қаратилган.

Таъкидлаш жоизки, айни пайтда дунё бўйлаб 144та давлатда уй тазйиқлари ёхуд қийноқларига дучор қилинган аёлларни ҳимоя қилувчи алоҳида қонунлар қабул қилинган. Шунингдек, 130та давлатда жинсий зўравонлик учун жавобгарлик алоҳида кўрсатиб ўтилган.