Маданият

Жарроҳ тиғисиз энг камида 5 ёшга ёшарамиз!

Осилиб қолган қовоқлар, лаб бурчакларининг пастга тушиши, майда ажинлар ҳар бир аёлни ташвишга солиши турган гап. Улардан халос бўлиш учун уй шароитидаги парвариш етарли бўлмаётгани аниқ, бироқ жарроҳлик ҳақида ўйлашга ҳали жуда эрта. Нима қилиш керак? Вақт ўтишини кутиб ўтириш керакми ёки муаммонинг ечимини излаш? Ўзи замонавий косметология қандай ечимларни таклиф этмоқда? Бу ҳақда мутахассис ..... маълумот беради.

3D мезоиплари

Замонавий косметология ажинларнинг олдини олиш ва мавжудларини бартараф этишда нафақат уколларни балки бошқа усулларни ҳам таклиф этмоқда. Шулардан бири тредлифтинг деб номланади. Бунда маълум вақтдан кейин сўрилиб кетадиган махсус иплар тери остига жойлаштирилади. Тредлифтинг асосан икки усул Аптос усулида ва 3 D мезоиплари билан амалга оширилади. Келинг, биринчи навбатда 3 D мезоиплари ҳақида маълумот берсак. Бунда шприц игнасининг учига жойланган жуда ингичка иплардан фойдаланилади. Амалиётдан аввал тери тозаланиб, оғриқсизлантирувчи суртма суртилади. Қайси соҳага диққат қаратиш кераклиги аниқланиб, белгилаб олинади. Кейин игна тери остига киритилади, игнанинг ичидаги ип қолдирилиб ўзи суғурилади. 3 D мезоиплари нафақат терини тортади, балки тўқималарнинг жипсалишишга ҳам кўмаклашади. Иплар таҳминан 180-240 кун турганидан сўнг сув ва карбонат ангидридга айланиб, организмга сингиб кетади. Лекин натижа яна 2-3 йил давомида сақланиб қолади. Бу муддат тугагач эса амалиётга яна мурожаат қилишингиз лозим. Бугунги кунда 3 D мезоипларининг уч тури кенг тарқалган бўлиб, текиси қаришнинг олдини олиш ва майда ажинларни бартараф этишда қўлланилади. Спираль кўринишидагиси чуқур ажинлар ва теридаги бурмалардан халос этади. Махсус тишчали турлари эса натижанинг узоқроқ сақланиб туришига кўмаклашади. Яъни терининг таранглиги 4 йилгача кўринишини йўқотмайди. Мутахассис муаммонинг турига қараб, 15 тадан 50 тагача мезоиплардан фойдаланиши мумкин. 3 D мезоиплари билан амалга оширилган муолажадан сўнг, икки ҳафта ўтиб пилинг, мезотерапия, ботокс каби муолажаларни ўтказсангиз бўлади.

Бир дона мезоипнинг ўртача баҳоси: 30 000 сўм.

Аптос усули

Қўллаш техникаси 3D мезоиплари билан ўхшаш бўлса-да, Аптос амалиёти маҳаллий оғриқсизлантирувчи восита ёрдамида ўтказилади. Бунда игналар ҳам каттароқ бўлиб, терига 3-5 мм. чуқурликда киритилади. Демак ип керакли нуқтага етказилгач ундаги махсус тишчалар ортга қайтишига тўсқинлик қилиб, терини тортади ва натижани узоқ муддат сақлаб қолишга кўмаклашади. Амалиёт 15-30 дақиқа давом этиб, реабилитация даври(7-18 кун)ни ташкил этади. Бу пайтда юзда шишлар кузтилиши мумкин. 50 ёшдан ошган аёлларга эса амалиётнинг сингиб кетмайдиган иплар ёрдамида ўтказиладиган тури тавсия этилади.

Неча ёшда қўллаш мумкин?

Одатда, тредлифтинг амалиёти 40 ёшдан ошган аёлларга тавсия этилади. Бироқ муаммо эртароқ юзага келган бўлса, 30дан кейин 3 D мезоиплар усулига мурожаат қилишингиз мумкин.

«Айнан қайси муаммоларни бартараф этади?»

Тепа қовоқ ва қошнинг осилиб қолиши, бурун артофидаги ажинлар, қошлар орасидаги бурмалар, пешанадаги горизонтал чизиқлар, лабнинг икки четидаги ажинлар, қулоқ атрофидаги тери ва иякнинг осилиб қолиши ҳамда бақбақадан халос бўлишини истасангиз, бемалол тредлифтинг муолажасига мурожаат қилсангиз бўлади. Муҳими, бир неча соат ичида 5-6 ёшга ёшарасиз. Ойлар ўтиши билан натижа янада кўпроқ кўзингизни қувонтира бошлайди.

Қарши кўрсатмалар:

  • терининг яллиғланиши;
  • ўткир инфекцион хасталиклар;
  • онкологик хасталиклар;
  • терининг чандиқларга мойиллиги;
  • гемофелия (қон касалликлари);
  • аутоиммун касалликлар;
  • ҳомиладорлик ва эмзиклилик даври;
  • невроз ва психоз хасталикларида амалиётни ўтказиш тақиқланади. Муолажадан сўнг камдан кам ҳолларда асоратлар юзага келиши мумкин. Асосан мутахассис етарлича малакага эга бўлмаганида ёки аёл мутахассис кўрсатмаларига риоя қилмаганида яллиғланиш юзага келиши мумкин.

Амалиётдан кейин

  • Бир ҳафта давомида мимик мушакларни имкон қадар камроқ ҳаракатлантириш лозим. Чунки айнан шу паллада ип арофида эластин ва коллагенлар тўплана бошлайди. Айнан шу моддалар натижанинг узоқроқ сақланишига хизмат қилади;
  • 12 соатдан кейингина декоратив косметика воситаларини қўллаш мумкин;
  • қуёшда тобланиш, солярий, ҳаммом ва сауналарни ҳам 2–3 ҳафтага ортга суришингизга тўғри келади;
  • Аптос усулини танласангиз, икки ой давомида пилинг, инъекцион ва аппаратли муолажаларни ўтказиш мумкин эмаслигини инобатга олиб қўйинг.

Мафтуна тайёрлади.

Манба: «Sug'diyona» газетаси