Саломатлик

Камҳаракат ҳаёт тарзида риоя қилиш керак бўлган қоидалар

Инсон танаси юриш учун яратилган. Аждодларимиз кун бўйи далаларда ишлаган ёки соатлаб ўрмонлар кезган. Бироқ ҳаётимизга телевидение, компютерлар ва офисда ишлаш кириб келгач, одамлар бир кунда ўртача 9,3 соат вақтни ўтириб ўтказа бошлади. Бу ҳаттоки, уйқу вақти (кунига ўртача 7,7 соат)дан ҳам кўпроқ демакдир.

Танамиз бундай ҳаёт тарзи учун мослашмагани сабабли қийналади ва натижада соғлиқ билан алоқадор муаммолар юзага келади. Булар — таянч-ҳаракатланиш тизими касалликлари (умуртқанинг қийшайиши, радикулитнинг зўрайиши, бармоқлар, қўл панжалари ва билаклар асаб-мушак фаолиятининг бузилиши)дан тортиб, кўриш қобилиятининг пасайиши, геморрой, бош оғриғи ва семизликкачадир.

Шветсиядаги Каролина институти олимлари аниқлашича, етарлича ҳаракат фаоллиги мавжуд бўлмаганда, одамда кексайиш жараёнлари генетик даражада тезлашади.

Профессор Май-Лис Хеллениуснинг маълум қилишича, қарилик жараёнининг бошланиши теломерлар — ДНК учларининг калталашиши билан намоён бўлади. Бу эса, ўз навбатида, одамларнинг ишлаш қобилияти пасайиб, саломатлигининг салбий томонга ўзгаришига олиб келади.

Камҳаракат ҳаёт тарзи билан боғлиқ баъзи фактлар:

Foto 2

  • Турган ҳолатда ишлайдиган кишилардан фарқли ўлароқ, ўтириб ишлайдиганларда юрак ва қон-томир касалликларини орттириб олиш хавфи 2 баробар кўп бўлади.
  • Организм ўтирган ҳолатга ўтиши билан ёғларни эритувчи энзимларни ишлаб чиқариш 90 фоизга камаяди, калорияни йўқотиш тезлиги дақиқасига биттага тушиб қолади.
  • Бир неча соат ўтиришдан сўнг холестерол 20 фоизга ошади, креслода ўтказилган 24 соатдан сўнг эса инсулин даражаси 25 фоизга пасаяди, натижада диабет юзага келиши хавфи ошади.
  • Одам турган ҳолатида ўтирганидан кўра 3 марта, юрган ҳолатида эса 5 марта кўпроқ калория йўқотади.

Тўғри, камҳаракат ҳаёт тарзи зарарлари ҳақида гапирганимиз билан, бундай кундалик ҳаётдан воз кечиб бўлмайди: кўпчилигимиз учун 8 соат ўтириб ишлаш заруратдир. Бироқ ўтириб ишлаш вақтида баъзи қоидаларга риоя қилиш ва ишдан кейинги вақтни тўғри ўтказа билиш орқали баъзи оқибатларнинг олдини олиш мумкин.

Тўғри ўтиринг!

Стул суянчиғининг қиялик бурчаги 135 градусга тенг бўлиши лозим, шунда олдинга энгашиб, ёки ҳатто тўғри ўтиргандагига нисбатан, белга кам оғирлик тушади. Тиззаларни устма-уст қўйиб ўтириш ярамайди, бу оёқдаги қон айланишини издан чиқаради. Тиззалар тос суяги билан бир хил баландликда ёки ундан сал пастроқда жойлашиши лозим.

Нафас олинг

Организмингизга кислород ғамлаб олинг: ахир офисда ва одам кўп бўлган ҳар қандай бинода унинг ҳаводаги миқдори атиги 17—19 фоизга тенг бўлади. Очиқ табиат қўйнида эса ушбу кўрсаткич 23—25 фоизни ташкил этади.

Тоза ҳавода беш дақиқалик машқлар ҳам стресс даражасини пасайтириб, кайфиятни кўтаради ва диққатни жамлаш қобилиятини оширади.

Овқатланиш ратсиони ва режимини қайта кўриб чиқинг

Foto 3

Камҳаракат ҳаёт тарзи моддалар алмашинувини секинлаштиради, сизнинг вазифангиз уни тезлаштиришдан иборат. Бунинг учун эрталаб оч қоринга бир пиёла илиқ сув ичинг, ярим соатдан сўнг эса тўйимли, бироқ оғир бўлмаган нонушта тановвул қилинг: организмга бу вақтда оқсил, углевод ва клетчатка (сўли ёрмаси, ёнғоқ, сут маҳсулотлари, банан, олма ва бошқа мевалар) зарур. Ҳар 2,5—3 соатда кам-камдан овқатланиб туринг. Қон қуйилиб қолмаслиги ва ўзининг барча функсияларини бажаришда давом этиши учун етарли миқдорда сув ичинг.

Спорт билан шуғулланинг

Юмшоққина диван қучоғидан чиқиб кетиш учун ўзингизга ёқимли бўлган спорт турини танланг: велосипедда учинг, бассейнга боринг ёки шунчаки табиат қўйнида сайр қилинг — бироқ бу билан мунтазам равишда, ҳар куни шуғулланинг.

Умуман, кун давомида ўрнингиздан туриб, оёқ-қўлнинг чигилини ёзиш учун ҳар қандай имкониятдан фойдаланинг: лифтдан воз кечинг, чой келтириш учун чиқинг , шунчаки дераза олдига боринг ва бирйўла кўзларингизни ҳам машқ қилдиринг.