Картошкани “иккинчи нон” дейишади. Бу сабзавотнинг кўпгина касалликларга шифо эканини эшитиб келардим. Яқинда бир дугонам бош оғриғи, буйрак оғриғида картошкадан фойдаланиш ҳақида сўзлаб берди. Уларни сизлар билан ҳам ўртоқлашмоқчиман.
● Тез-тез бош оғриғи безовта қилганда, бир дона хом картошка арчилиб, қирғичдан чиқарилади. Сўнг 2 стакан қайнатилган сувга солиниб, 4-5 дақиқа қайнатилади. Қайнаб чиққач, дока ёрдамида сузиб олинади ва шу сувдан ҳар нонушта олдидан ярим стакандан ичилади. Муолажа ҳар 3 кунда бир марта бир ой мобайнида бажарилади.
● Буйрак шамоллаганда ёки буйракда тош йиғилганда ҳам дармон ўрнида картошка асқатади. Бунинг учун ўртача катталикдаги 5-6 дона картошка пўстлоғи билан сувда қайнатилади. Эзилиб пишгач, пўстлоғи билан яхшилаб мижиғланади ва бўтқа ҳолатига келтирилади. Тайёр бўтқага 1 ош қошиқ ичимлик содаси солиб, яна аралаштирилади. Ҳосил бўлган малҳамни оғриётган буйрак устига ёйиш керак. Устидан целлофан ва сочиқ ўралади.
40 дақиқадан сўнг картошкали малҳамни аста-секин олиб, терини илиқ сувда чайиш лозим. Бу муолажани 2-3 марта такрорланг. Муолажадан сўнг қорин соҳасини доим иссиқ тутишни унутманг.
● Куйишдан жароҳат олганда ҳам картошка билан биринчи ёрдам кўрсатиш мумкин. Агар тананинг бирор жойи куйиб қолганда, очиқ яра ҳосил бўлмаган бўлса, тезда 1 дона картошкани пўстлоғидан арчиб, қирғичдан чиқаринг. Сўнг терининг куйган қисмига қўйиб, мато билан ўранг. Картошка илиб қолгач, уни бошқасига алмаштиринг. Шу тариқа бир неча марта такрорланг. Натижада оғриқ ва ачишишлар кетиб, куйган тери аста-секин тузала бошлайди.
Шаҳло Рустамова, Қарши шаҳри
Манба: Darakchi.uz