Биласизми?

Келинларни пропискага қўйиш ва оилаларни ажратувчи учинчи тараф билан боғлиқ муаммолар кўриб чиқилади

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Хотин-қизлар қўмитаси ҳисобот конференцияси доирасида келинларни пропискага киритиш, никоҳ ёшини 18 ёш этиб белгилаш ва оилаларнинг учинчи тараф аралашуви билан ажралиши масалаларига алоҳида тўхталди, дея хабар беради Kun.uz мухбири. 

Тадбирда Тошкент шаҳрининг оилавий поликлиникалардан бирининг бош шифокори таклифи бўйича никоҳ муносабатларида прописка масаласи - 1 ой ичида келинни пропискага қўйиш мавзуси кўтарилиб, бу талаб иш бермаётганига эътибор қаратилди. 

"Икки ҳафта ичида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритинглар - пропискага қўйиш масаласини қандай бўлмасин, керак бўлса мажбурлаб, маъмурий жазо чорасини кўрадиган даражагача ҳал қилишимиз керак. Бу нима деган гап?! Ҳаммаси ақлли - "бир ярим йилча яшаб кетса, кейин  кўрамиз, бўлмаса - йўқ"... Ундан кўра келинни олишдан олдин ўйласин, "Етти марта ўлчаб, бир кес", дейишган. Шошма-шошарлик қилиб, кейин "Онаси ўпмаганини олиб бераман" дейиш кетмайди. Инсон оилавий муносабатга киряптими, жуда катта масъулиятни бўйнига оляпти, дегани. Адлия вазирлиги, бу масала бўйича сизларга алоҳида топшириқ", - деди Абдулла Арипов. 

Шунингдек, тадбир давомида яна бир масала: оилалар учинчи тараф аралашуви билан ажрашадиган ҳолатларда маъмурий чора кўриш масаласи қолиб кетаётгани таъкидланди.

"Айниқса, Тошкент шаҳрида 70 фоиз оилаларнинг ажралишига учинчи тараф сабабчи... Шу боис 1 ой муддат ичида учинчи тараф аралашуви сабабли оилалар ажрашадиган ҳолатларда уларга нисбатан маъмурий жазо қўллаш чораси кўриб чиқилсин", - деди у. 

Бундан ташқари, Бош вазир никоҳ ёшини икки томонга 18 ёш этиб белгилашга доир таклифни ҳам кўриб чиқиш вазифасини берди.