Маданият

Киприкларингиз тўкилаётган бўлса...

Тушь қаламчаси киприкларингиз сийраклашиб қолганини билдириб қўйяптими, демак, парваришни бошлаш лозим. Хўш, нима қиласиз?

Фойдали мойлар...

Канакунжут, чакамуғ, бодом ёғи киприк илдизини озиқлантиради. Ҳатто зайтун мойидан фойдаланилганида ҳам киприклар мустаҳкамланади. Мой муолажаси кун давомида икки марта, эрталаб – пардоз қилинишидан 10-15 дақиқа аввал ва кечқурун – уйқуга ётишдан олдин қилиниши керак.

Бармоқ билан уқалаш

Ҳар куни 5-8 дақиқа вақт ажратинг-да, бармоқ учида киприк устини енгил уқаланг. Киприк илдизида қон айланиши яхшиланса, тўкилиши камаяди.

Мойчечак + тирноқгул

Ҳар иккала ўсимликни тенг миқдорда аралаштириб, 200 мл. сувга дамланг. 15 дақиқа тиндирилгач, докадан ўтказинг-да, кўзга компресс қилинг. Компресс қоидасини биласиз: икки қават дока дамламада ҳўллаб олинади.

Ниқоб

1 чой қошиқ канакунжут мойига 1 ош қошиқ аччиқ дамланган қора чой қўшинг. Пахтали диксларни аралашмада ҳўллаб олинг. Сўнг кўз қовоқлари устига қўясиз. Мазкур ниқоб ҳафтада 3-4 маротаба бажарилса, киприк ўсиши тезлашади.

Ёдда тутинг:

Киприк тўкилиши сезиларли ортиб борса, тушдан фойдаланманг. Қуруқ тенларни ҳам вақтинча ишлатмай турган маъқул.

Пардозни тозалашда тоник ва молочколардан фойдаланинг. Юзни ювганда кўз қовоқларини ишқалаб артманг. Юмшоқ сочиқни аста теккизиб қўйишнинг ўзи кифоя.

Манба: Darakchi.uz