Саломатлик

Кўнгил айнишининг 10 сабаби

Аслида кўнгил айнишини келтириб чиқарувчи элликдан ортиқ сабаблар мавжуд. Асосийлари эса қуйидагилар:

1. ПАНКРЕАТИТ. Ошқозон ости бези яллиғланиши билан кечадиган панкреатит асосан ўт-тоши касаллиги, кўп овқат ейиш ва турли инфекциялар оқибатида келиб чиқади. Бунда қориннинг юқори қисми ва чап томони санчиб оғрийди, беморнинг кўнгли айниб, қусади, иштаҳаси йўқолади. Панкреатитни даволашда ошқозон ости безининг фермент ишлаб чиқаришини кўпайтирадиган дорилар буюрилади.

2. ХОЛЕЦИСТИТ. Ўт пуфагининг яллиғланиши ўрта ва кекса ёшдаги аёлларда кўпроқ учрайди. Ўт (сафро) ҳайдалиши бузилади, овқат егандан сўнг ўнг қовурға остида тўсатдан оғриқ туради, кўнгил айниши ва қусиш кузатилади. Касалликнинг учинчи кунидан бошлаб тери ва кўз оқи сарғаяди, пешоб қизғиш тусга киради. Холециститни гастроэнтеролог даволайди, зарур муолажалардан сўнг кўнгил айниши тўхтайди.

3. МИГРЕНЬ. Асосан аёллар касаллиги ҳисобланган мигренда бошнинг ярми(кўпинча чакка қисми) оғрийди. Касаллик хуружи асабийлашиш ёки ўта чарчагандан сўнг бошланади. Қон томир тонусини бошқариб турадиган нервлар иши бузилиши оқибатида мигрень хуружлари 2-3 соатдан бир неча кунгача давом этади. Бунда беморнинг кўнгли айниб, қайт қилади, шундан сўнг оғриқ бироз босилади. Мигренни даволаш учун унинг сабабларини аниқлаб, бартараф этиш керак.

4. МИЯ ЧАЙҚАЛИШИ. Калла суяги шикастланиши натижасида мия пардалари зарарланади, бемор бироз муддат (бир неча дақиқа) ҳушини йўқотади. Ҳушига келгач, кўнгли айнийди, ранги оқариб, томири тез уради. Баъзан кўнгли айниши бир неча ҳафта давомида такрорланади.

5. ҚАНДЛИ ДИАБЕТ. Организмда меъда ости бези гормони – инсулин етишмаслиги оқибатида моддалар алмашинуви бузилади. Даволаш кечиктирилганда организм заҳарлана боради, кейинчалик беморнинг иштаҳаси йўқолади, чанқаш, дармон қуриши, тери қичишиши кучаяди. Бемор кўп пешобга қатнайди, кўнгли айниб, қайт қилади, оғзидан ацетон ҳиди келиб туради.

6. ҚАНДСИЗ ДИАБЕТ. Буйраклар фаолияти бузилиши натижасида қонда вазопрессин гормони камаяди. Бемор пешобида қанд бўлмайди ва унинг солиштирма оғирлиги паст бўлади. Кўпинча организм сувсизланиб, бунинг натижасида беморнинг дармони қурийди, боши айланади ва кўнгли айнаб, қайт қилади.

7. НИТРАТДАН ЗАҲАРЛАНИШ. Оч қоринга кўп мева ёки сабзавот ейилганда, кўклам охирлари ва ёз бошларида нитратлари сероб янги мевалар истеъмол қилинганда кўнгил айниши ҳамда қусиш рўй беради. Ноинфекцион ич кетиши кузатилади. Бундай вақтда дорилар қабул қилишга шошилмасдан, қуюқ дамланган кўк чой ичиш ва бироз муддат оч юриш кўнгил айниши ўтиб кетишида фойда беради.

8. ГАСТРИТ. Мунтазам қуруқ егуликлар истеъмол қилиш, шунингдек, овқатланиш тартибининг бузилиши оқибатида келиб чиқадиган гастритда меъда шиллиқ пардаси яллиғланади. Қориннинг юқори қисми вижирлаб оғрийди. Овқат егандан сўнг кўнгил айниб, киши ўқчийди. Айрим ҳолларда қусиши мумкин. Бемор гастроэнтеролог шифокор назоратида даволанади.

Шунингдек, кўнгил айниши қорин бўшлиғи аъзолари касалликларида, ҳомиладорликдаги токсикоз, спиртли ичимликлар ичганда, автомобилда узоқ масофага бориш давомида газ исидан ёки бензин ҳидидан заҳарланганда, қаттиқ ҳаяжонланганда ёки бирор нарсадан ранжиганда, кўпинча инфекцион касалликларда кузатилади. Кўнгил айниганда озгина пахтага новшадил спирти томизиб ҳидланса ёки 1 ошқошиқ сувга ялпиз дамламасидан 10-15 томчи томизиб ичилса, нафи тегади. Тоза ҳавога чиқиб сайр қилиш ҳам кўнгил айнишини қолдириши мумкин. Лекин бу нохуш ҳолат кишини безовта қилаверса, сабабини аниқлаш ва тегишли даволаш учун мутахассис шифоркорга мурожаат қилиш лозим.

Манба: Darakchi.uz