Саломатлик

Кўзлар қаттиқ толиқса

— Иш фаолиятим ҳисоб-китоб ишлари билан боғлиқ. Эҳтимол шунгадир, кўзларим тез толиқади. Кечга бориб, узоқни хира кўра бошлаяпман. Ҳамкасбларимдан кўз учун машқлар ҳақида эшитгандим, аммо уларнинг қай бири ишончли эканини билмайман. Сиз нимани маслаҳат берасиз? Ҳақиқатан ҳам фойда берадиган машғулотлар борми?

Наргиза Икромова, Тошкент шаҳри

Саволга шифокор-окулист Нодира РАСУЛОВА жавоб беради:

–Танангизни бўш қўйинг. Кўзларингизни юминг. Бир-икки дақиқа шу ҳолатда ўтиринг. Энди кўзларни юмганча, фақат кўз олмасини ҳаракатга келтириб, саккиз шаклини ҳосил қилинг. Машқни 10 марта бажаринг

–Дераза ёнига келинг-да, ойнада кичик нуқтани топинг. Диққатни жамлаб, ана шу нуқтага қаранг. Сўнг нигоҳингизни деразадан ташқарига йўналтиринг. Масофа ўзгариши кўздаги зўриқишни енгиллаштиради

–Қўлингизга ручка, қалам ёки фломастер олинг. Нигоҳингизни ручка учига қаратинг. Ручка учидан кўзни узмасдан уни ўзингиздан узоқлаштиринг. Кейин бурунга яқинлаштиринг. Машқ давомида кўзингиз фақат ручка учида бўлсин. Машқни 5-7 марта такрорланг.

–Чуқур нафас олинг-да, кўзларни қаттиқ юминг. Хаёлан кўз қовоқларидаги зўриқишни юз мушаклари, чакка, бош ва бўйинга тарқалаётганини тасаввур қилинг. Ўпкани бўшатиб, тезда кўзларингизни очинг, худди бирор нимадан ҳайратланаётгандек. Машқни 5 марта такрорлайсиз.

–Бошни қимирлатмай, кўзларингизни бир-бири билан учраштиринг. Кўп эмас, бир неча сонияга. Сўнгра нигоҳингизни чап кўз бурчагига олиб боринг. 2-3 сония чап бурчакни томоша қилиб, аста-секинлик билан ўнг кўз бурчагига қаранг. Навбат билан нигоҳингизни чап кўзнинг юқори бурчагига олиб боринг. Машқни ўнг кўзнинг юқори бурчагига қараш билан давом эттиринг. Бир марта бажаргач, 2-3 дақиқа кўзга дам бериб, сўнг машқни яна бир карра амалга оширинг.

–Тасаввур қилинг, хонада капалак учиб юрибди. Нигоҳингиз билан уни тутишга уриниб кўринг. Кўзларни тепа-паст, чап ва ўнгга ҳаракатлантиринг. Яна бир усул, хаёлан катта соатни тасаввур қилинг. Нигоҳингиз соат стрелкаси ортидан «юриши» керак. Машқни тугатгач, кўзларни тез-тез бир неча марта юмиб-очинг.

Манба: Darakchi.uz