Ошхона

Кузги идеал рецепт: Ажойиб таъмга эга қовоқ шўрва

Қовоқнинг жуда фойдали эканлиги ҳақида эшитган бўлсангиз керак. У бириктирувчи тўқима (клетчатка)ларга бой бўлгани учун овқат ҳазм қилиш тизими фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади. Шунингдек, кўриш қобилиятини яхшиловчи А витаминига эга. Қолаверса, қовоқ таркибидаги темир ва Т витамини миқдори бўйича чемпион ҳисобланади. Бу эса организмда моддалар алмашинувини тезлаштиради ва қон ивишини яхшилайди.

Қуйида ажойиб таъмга эга қовоқ шўрва рецепти билан танишишингиз мумкин.

Керакли масаллиқлар

  • яхши пишган катта қовоқнинг чорак қисми (ёки кичкина бутун қовоқ);
  • қайнатма шўрва ёки сув;
  • 200 грамм картошка;
  • 170—200 грамм эритилган пишлоқ;
  • туз;
  • бир чимдим дудланган ёки ярим чой қошиқ майдаланган қалампир;
  • гармдори;
  • ширин соус.

Тайёрланиши

Қовоқ доналаридан тозаланиб, 180 даражагача қиздирилган духовкада тайёр бўлгунча пиширилади. Тайёр қовоқнинг пўстлоғи қириб олинади.

Картошка тозаланиб, майда тўғралади. Кастрюлкага картошка, қовоқ эти солиниб, устидан қайноқ шўрва ёки сув қуйилади (суюқлик жуда кўп бўлмаслиги, жами сабзавотларнинг тахминан ярмига тенг бўлиши лозим). Картошка пишгунча, тахминан 10 дақиқа қайнатилади.

Қалампир, эритилган пишлоқ, бироз соус, гармдори қўшиб, блендерда эзилади. Кейин таъбга қараб туз қўшилади. Тузлаш айнан охирида амалга оширилади, чунки пишлоқ ҳам овқатга туз беради. Дастурхонга бир чимдим қалампир ёки ёнғоқ сепиб тортиш мумкин.

Ёқимли иштаҳа!

Манба: Daryo.uz