Маданият

"Лаб бичилиши нимадан?"

— 14 ёшли қизимнинг лаби, мана уч ҳафтаки бичилиб қолади. Вазелин суртиб кўрдим, аммо фойдаси бўлмаяпти. Эҳтимол, бу витамин танқислигининг белгисидир?

Ойдин Расулова, Тошкент шаҳри

Магина АРТИКОВА, шифокор-педиатр:

— Хейлитлар – лаб атрофи ва терисининг яллиғланиши билан кечадиган хасталик бўлиб, оддий тилда уни лаб бичилиши деб атаймиз. Мазкур ҳодиса болалар орасида кўплаб кузатилади ва бунинг сабаблари турли омилларга боғлиқ. Лаб бурчакларида яллиғланишни келтириб чиқарувчи ташқи таъсирлар боланинг ёшига кўра турлича кўринишда номоён бўлиши мумкин. Аллергик диатез, экзема, нейродермит, гиповитаминоз, лабларнинг нотўғри бирлашиши – хасталикнинг асосий сабабчиларидир. Лаб шиллиқ қавати иссиқсевар бўлиб, тана ҳароратининг дам кўтарилиб дам тушиб кетиши (иситма чиқиши), қуёш нури таъсирида қуруқшаб қолиши, безовликни юзага келтириши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Айрим болаларда лаб четини тишлаш одати мавжуд бўлиб, бу ҳам лаб шиллиқ қаватида яллиғланишга замин яратиши мумкин. Умуман олганда, лаб четидаги бичилиш ҳолатининг изоҳи кўп, асосийси, безовталик бошландими уни албатта даволаш керак. Бактериялар таъсирини истисно этиш учун умумий қон таҳлилини топшириш айни муддаодир.

Манба: Darakchi.uz