Биласизми?

Мадад-шифо: "қатиқли парҳездан наф борми?"

— Дугоналаримдан бири қатиқли парҳезнинг фойдаси ҳақида сўзлаб, соғлиққа зарари йўқ, деяпти. Тўғрисини айтсам, ортиқча вазн билан курашишда турли усулларни синаб кўрганман, аммо ҳеч бири тайинли натижа бермайди. Шунга қатиқли турига иккиланаяпман. Қолаверса қатиқ ични суриши мумкин деб эшитгандим?..

А.Султонова, Самарқанд шаҳри

Нодира ҲАМРОЕВА, шифокор-терапевт:

— Ёғсиз қатиқ чиндан ҳам ҳазм фаолиятини тезлаштиради, шунинг ҳисобига ортиқча ёғ тўпланмаслигининг олдини олиш мумкин. Уйқуга ётишдан олдин ичилган бир стакан қатиқ асаб тизимини тинчлантириб, ором олишга кўмаклашади. Қолаверса, қабзиятдан азият чекканлар учун ҳам фойдаси бор. Умуман олганда, кунора қатиқ истеъмол қилиш меъда-ичаклар ишини яхшилаб, вазнни камайтиришда асқатади. Аммо бу кун бўйи фақат қатиқ ичиш керак, дегани эмас. Негаки қатиқ таркибида нордон муҳитни пайдо қилувчи бактериялар бор ва улар ошқозон кислотасининг ортишини келтириб чиқариши мумкин. Буйрак касалликлари билан оғриганларга эса қатиқни чекланган миқдорда қабул қилиш тавсия этилади. Бу вазиятда қатиқ буйракларга зўриқиш бериши мумкин. Кўриб турганингиздек, озиш учун қатиқли парҳезга мурожаат қилиш маъқул фикр эмас. Яхшиси, таомномадан углеводларни камайтиринг-да, асосий эътиборни барра кўкатлар, мева ва сабзавотларга қаратинг. Оз-оздан, тез-тез таомланишга одатлансангиз, вазн ортиши муаммо бўлмайди.

Манба: Darakchi.uz