Биласизми?

Мева қоқиси: саратон, гижжалар ва ортиқча вазндан ҳимоя

Мева қоқиларнинг шифобахш хусусиятлари ҳақида кўп эшитганмиз. Ҳақиқатан ҳам, улар халқ табобатида жуда кўп асрлардан бери қўлланади. Бугун уларнинг ҳар бири ҳақида алоҳида маълумот берамиз.

Анжир қоқиси – витаминлар захираси!

У камқонлик, юракнинг тез уриши, бронхиал астма, кўкрак оғриғи, ўпка пардаси яллиғланиши билан оғриган беморларга тавсия этилади. Анжир қоқисини сутда қайнатиб, ичилса грипп, кўк йўтал, пневмония, бронхитда шифодир. Бундан ташқари, анжир қоқиси қалқонсимон без фаолиятини яхшилайди, гижжаларни йўқотади. Терини керакли витаминлар билан таъминлаб, саратон ҳужайралари ривожланишининг олдини олади. Ундан тайёрланган компот эса иштаҳани очиб, овқат ҳазмини яхшилайди.

Витаминлар: В1, В2, В3, В6, РР.

Минерал моддалар: темир, калий, магний, кальций ва бошқалар.

Майиз – стоматитнинг давоси

Иммунитетни мустаҳкамлашда майизга тенг келадигани йўқ. Узум қоқиси юрак қон-томир касалликлари, асаб фаолияти бузилишлари, камқонлик ва оғиз бўшлиғи бактерияларига қарши курашишда ёрдам беради. Сизни стоматит қийнаяптими, муолажа тугагач, майиз ейишга одатланинг.

Мавсумий хасталикларга чап беришда организм қувватини ошириш даркор. Бунда сизга қуйидаги рецепт асқотади: тенг миқдорда майиз ва ёнғоқни гўштқиймалагичдан ўтказиб, озроқ асал билан аралаштирасиз. Аралашма 1 ош қошиқдан нонушта маҳали истеъмол қилинса, иммунитет кўтарилади. Йўтал, тумов, томоқ оғриғи безовта қилганида майиздан тайёрланган дамлама яхши ёрдам беради. Бунинг учун 1 стакан қайноқ сувга 100 грамм майизни солиб, 10 дақиқа дамлаб қўясиз. Дамламага 1 ош қошиқ пиёз сувини қўшиб, ярим стакандан ичилади.

Майизасаб тизимини мустаҳкамлаб, остеохондроз ва остеопороз, буйрак касалликлари безовта қилганда ҳам истеъмол қилинса фойдалидир. Ёдда тутинг: ўн икки бармоқли ичак яраси ҳамда қандли диабетда майиз тавсия этилмайди.

Витаминлар: В1, В2, В5, РР.

Минерал моддалар: фосфор, натрий, кальций, магний, темир, калий. 100 грамм майиз таркибида 860 мг. калий бор.

Олма қоқиси – организмни тозалайди

Олма қоқиси глюкозага ниҳоятда бойдир. У ўзида фойдалилик хусусиятларини сақлаб қолиб, микроэлементларга тўйинган бўлади. Таркибидаги пектин моддаси организмни токсинлардан тозалайди. Агар қабзиятдан азият чекаётган бўлсангиз, олма қоқисидан яхшисини тополмайсиз.

Олма қоқисини гўштқиймалагичдан ўтказиб, қайнатинг ва таъбга кўра шакар солиб, дамланг. Тайёр дамламага асал қўшиб ичилса, қабзиятдан халос этади. Бундан ташқари, ушбу дамлама ошқозон фаолиятини ҳам яхшилайди.

Қандли диабет билан хасталанган ва ортиқча вазнли кишиларга олма қоқиси тавсия этилмайди.

Витаминлар: В, С, РР.

Минераллар: калий, кальций, темир, фосфор.

Қовун қоқиси – бўлажак оналар учун

Мазкур қоқи таркибида барча минерал ва витаминлар тўлиқ сақланиб қолади. У иммунитетни кўтариб, организмни қувватлантиради, анемиядан халос этади. Қовун қоқиси мунтазам истеъмол қилинса, юрак-қон томир тизими фаолияти яхшиланади. Пешоб йўлидаги тошлар парчаланиб, суяклар мустаҳкамланади.

Қовун қоқиси ҳомиладор аёлларга ҳам фойдалидир. Чунки унинг таркибидаги фолий кислотаси уйқусизлик, руҳий зўриқишни бартараф этиш ва асабларни тинчлантиришда ижобий таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, соч ва тирноқларни мустаҳкамлашда,организмни ёшартиришда ҳам қовун қоқисига тенг келадигани йўқ.

Витамин: С дармондориси

Минераллар: хлор, натрий, калий, фолий.

Олхўри қоқиси – ёшартиради

Ревматизм, буйрак ва жигар касалликлари безовта қиляптими? Олхўри қоқисидан енг!Унинг таркибидаги фойдали витамин ва минераллар дардингизни аритади. Олхўри қоқиси ички организм фаолиятини яхшилаб, уларни ёшартириш ва соғломлаштириш хусусиятига ҳам эга. Тиш эмалини зарарланишдан асраб, мустаҳкамлаб, кариесдан ҳимоялайди. У организмдан хилтларни ҳайдаб, қабзиятнинг олдини олади. Авитаминоз ва камқонликда ҳам ёрдам беради.

Витаминлар: А, С, Е, РР, В1, В2, В3, В5, В6, В9.

Минераллар: темир, мис, марганец, рух, селен, калий, кальций, магний, натрий, фосфор ва хлор.

Ўрик қоқиси – калийга бой

Юракка қувват бўлиб, ортиқча вазндан қутулишда ҳам ёрдам беради. Организмдаги калий моддаси ювилиб кетишининг олдини олади. Чунки у калий ва антиоксидантларга бойдир. Мунтазам истеъмол қилинганида организмни зарарли холестериндан тозалайди. Шунингдек, қалқонсимон без хасталиклари ва қандли диабетда ҳам фойдали.

Витаминлар: А, С, РР, В1, В2, В5;

Минераллар: калий,кальций, магний, фосфор, темир,мис,марганец, кобальт.

МИРКАМОЛ тайёрлади

Манба: Darakchi.uz