Кутубхона

Мол-давлат илинжида оила тинчлигига раҳна соладиган аёллар ҳақида

«Агар бирор муаммонгиз бўлса-ю, уни пул билан ҳал қила олсангиз, демак, бу муаммо эмас, харажат, холос». Аммо ён-атрофимизда шундай инсонлар, айниқса, аёллар борки, уларнинг ҳаётида пул биринчи рақамли қадрият даражасида ва шу сабаб унинг борлиги ҳам муаммога айланган.

Руҳшунос Шаҳноза ХАЛИЛОВА билан мол-давлат илинжида оила тинчлигига раҳна соладиган, ўзининг ҳам, яқинларининг ҳам саломатлигию хотиржамлигига путур етказадиган аёллар ҳақида мулоҳаза юритамиз.

Чўпон ва бой

Айтишларича, бир чўпоннинг ўнтача қўйи бўлиб, улар далада ўтлаб юришганида, эгаси салқин жойда ётиб дам олибди. Шу ердан ўтиб кетаётган бой эса унинг чўзилиб ётишига ҳайрон қолиб, маслаҳат солибди:

— Нега бундай бемалол ётибсан? Бунинг ўрнига қўйларингга қарасанг бўлмайдими. Уларни яхшилаб боқиб кўпайтирсанг, юзта бўлади. Кейин яна кўпаяди, сотасан, бойиб кетасан, — дебди.

— Хўш, кейин-чи? — чўпон пинагини ҳам бузмай бойга савол берибди.

— Кейин, маза қилиб ётасан! — дебди бой ҳам.

— Сенингча ҳозир мен нима қилаяпман? — деган экан чўпон.

Чўпон каби фикрловчи кишилар учун пул ҳеч қандай аҳамият касб этмайди, лаззат манбаи ҳам ҳисобланмайди. Албатта, қўйлар бор, ўтлаб юрибди, дея оёқни узатиб ётиш ҳам ярамайди. Шунчаки, бойликка хотиржам муносабат билдириш, васвасага тушишмаслик ва завқланиб яшашни билиш керак.

Бой бўлишни хоҳлайсизми?

Ким ҳам пули кўп бўлишини истамайди, дейсиз. Оиланинг бир устуни ҳам иқстисод асосига қурилади. Буни инкор қилиб бўлмайди. Мана шу устунинг мустаҳкамлиги эса пулга қандай муносабат билдиришимизга боғлиқ.

Пул топишга ҳаракат қилиш нотўғри эмас. Унинг ортидан нима келишини истаяпмиз — мақсадни аниқлаштириб олиш зарур. Чунки биз ҳаётга бойлик орттириш учунмас, бахтли яшаш учун келганмиз.

Хўш, сиз учун пул нима? Аслида, у ёмон нарса эмас. Ҳаммаси биз унга қандай бўёқ беришимизга боғлиқ. Ким учундир пул қўлнинг кири. Кимдир уни ҳаётий мақсадига айлантириб олган, саломатлиги, хотиржамлигидан устун қўяди.

Биласизми, у бир қоғоз. Қадри йўқолса, ёқиб юборасиз. Аммо бу олов на иссиқлик беради, на завқ.

Ҳаётда ўз исботини топган яна бир ибора бор, сиз қанчалик пулнинг ортидан қувсангиз, у шунчалик сиздан қочади. Пулга меҳр қўймаган, уни асосий қуролга айлантирмаганлар миллионер бўлишлари шундан.

Бемаъни орзу-ҳаваслар

Бир аёлни танийман. Ўғиллари меҳнаткаш, эри тиним нелигини билмайди, ўзи оила бошқарувчиси. Бу оилада эркакларнинг асосий вазифаси — пул топиш. Аввал уларни уйлантириш учун аёл пул жамғарди. Келинлар туширди, лекин улар билан бири икки бўлмас экан. Ҳали катта келин музқаймоққа бошқаронғу бўлган, ҳали кичигининг боласини сунъий сут билан боқиш керак. Бу туришда қачон ўғилларга уй-жой қилинади? Текинтомоқ, зарарнинг уяси бўлган келинларга жавоб берилди. Пулни тийин-тийин қилиб йиғиш, ҳаддан ортиқ тежаш натижасида қўша-қўша иморатлар солинди. Аёл тўрт хотиннинг ичига кирса, ўғилларининг уйи тайёрлигидан, ҳатто, узатган қизига ҳам ҳовли қура бошлаганидан фахрланади. Аммо бу уйларда ким, қандай оила яшайди — мулоҳаза қилмайди.

Бу тоифа аёлларнинг хатоси шундаки, улар ҳамма нарсани пул билан ўлчашади. Болаларнинг бахтини ҳам. Бироқ доим ҳам пул бўлса, чангалда шўрва қайнайвермайди. Қайнаса ҳам татимайди.

Оилавий муаммолар моддиятга бориб тақалишида аёлларнинг роли катта. Беъмани орзу-ҳавасларни ушалтиришнинг ўзи бўладими, ахир. Келинининг мебелидан норози қайноналар, бўлажак куёвига қимматбаҳо сарпо қилиш илинжида эрини эговлайдиган хотинлар. Хўш, уларнинг ёниб-куйишларидан кимдир миннатдор бўладими? Йўқ. Чунки пул билан бахтни, оилавий хотиржамликни сотиб олиб беролмайсиз. Аксинча, йўқотасиз.

Эрингиз шоҳми ё қул?

Оила таъминотчиси эркак киши. У рафиқасининг ҳам, болаларининг ҳам эҳтиёжлари учун масъул. Аммо буни нотўғри талқин қиладиган хотинлар бор. Яъни эри қанча топса ҳам кам! Талаблари кундан-кун ошиб бораверади. Бу қаноат қилмасликмас, очкўзлик. Эшитган бўлсангиз, олтин тухум қўядиган ғоз ҳақида эртак бор. Ғоз эгаси бирйўла ҳамма олтинга бўлиш дардида сеҳрли жониворни сўяди. Бироқ не кўз билан кўрсинки, унинг ичида олтин захираси йўқ эди. Алал-оқибат ҳар кунлик олтин тухумдан жудо бўлгани қолади.

Аёл киши эрини пул топишга мажбурласа, яъни эркак завқланиб эмас, мажбуран ишласа, у қулга айланади. Пулнинг қулига. Илҳомлантириб, олға ундаб, рағбатлантириб ва албатта, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилинса, эркак киши шоҳ бўлади. Ва пул устидан ҳукмронликни қўлга киритади. Бунда аёлнинг оқиллиги муҳим.

Эркакнинг топганида барака бўлади, дейишлари бежизга эмас. Турмуш ўртоғингиз маошини уйга хурсанд бўлиб олиб келса, у билан барака ҳам кириб келади. Чунки сиз пул ишлатишни, рўзғор тутишни биладиган аёлсиз. Нуқул тўйга, қора кунга (!) дея йиғаверсангиз, иқтисод қилиш учун харажатларни кескин қисқартирсангиз, маошини тийин-тийинигача ҳисобласангиз, эрингизнинг ҳафсаласи пир бўлади. Ўзини пул топувчи машинадек ҳис этади. Қочиш ташвишига тушиб қолади — ажрашиш, бошқа аёлга уйланиб олиш, хорижга кетиш — хуллас, у ҳам одам, темир эмас, бир дам тин олишни, манфаатсиз меҳр кўрсатишларини истайди. Узлуксиз меҳнат оқибатида касал орттириб олиши, сизга қўшилиб нафси ҳакалак отса, боши берк кўчага кириб қолиши ҳам ҳеч гапмас. Кейин сандиғингизда тахланиб турган пуллар ҳам ёрдамга келолмаслиги эҳтимоли кучли.

Демак, умр йўдошингиз билан пиру бадавлат, тўкисликда яшашни истайсизми, унга шоҳдек муносабат билдиринг. Қанча топишидан қатъи назар. Бошга чиқариб олинг, оила боқувчисига айланинг, талтайриб юборинг, демаяпмиз. Меҳр беринг, рағбатлантиринг, мақтанг, сармояни кўпайтиришнинг йўлларини бирга изланг, топганини тўғри сарфланг, муҳими, пулни оилавий қадрият даражасига олиб чиқманг.

Тўғри муносабат қилишни ўрганамиз!

Исроф қилманг. Одатда исроф ва иқтисод тушунчаларини адаштириб юборишади. Исроф қилмаслик, бу зиқналик дегани эмас. Ўзингиз топасизми, ёрингизми — ҳавога совурманг. Режалаб ишлатишни билинг.

Зиқна бўлманг. Пулни ўзининг ҳам, яқинларининг ҳам эҳтиёжидан қизғанадиганлар бор. Ахир ким учун ҳаракат қилаяпсиз? Нега йиғинаяпсиз? Болаларингиздан, соғлигингиздан азиз нима бор? Ўзингизни севишни билинг, шунда бошқаларни ҳам сева оласиз. Пулни севишингиз, барибир, яхшиликка олиб келмайди.

Бошқаларнинг кўзи учун яшаманг. Одамлар гап қилади, дея кўрпага қарамасдан оёқ узатиб, қарз кўтарманг. Бу катта хато. Қарз ботқоғига ботиб қолганингизда сизни гап қилаётганлар қутқариш учун қўл узатиши амримаҳол.

Эрингиз, фарзандларингиз, келинларингизни жазоламанг. Пулга нотўғри муносабат қилишингиз замирида муаммо ётади. Яъни ўзингиз, комплексларингиз билан боғлиқ муаммо. Бунинг учун бутун оилангизни жавоб беришга мажбурлаш адолатдан эмас, қолаверса, оқибати хайрли бўлмайди.

Камчиликларни пул билан яширишга уринманг. Яъни баъзи кишилар феълидаги қусурларни бойлик билан хаспўшламоқчи бўлишади. Пулим кўп бўлса, ҳамма мени ҳурмат қилади, ҳеч ким айблай олмайди, камситмайди, уришмайди, измимга юради, бахтим кулади, одамларнинг меҳрини қозонаман, дея ўйлашади. Пул моддий нарсаларга эга бўлиш воситаси, холос. Дейлик, синган кўнгилни қимматбаҳо совға билан қайта забт этиш мушкул. Аммо арзимас бир-икки сўмни деб, кўнгилни синдириш, ришталарни узиш ҳеч гапмас.

Хулоса ўрнида

Фотиҳ Искандар Зулқарнайн бир куни хум ичида яшовчи машхур файласуфДиогенга дуч келибди.

— Эй, бечора, фақир, мен дунёнинг катта қисмини забт этдим. Айт, сен шўрлик ҳам бу ҳаётда кун кўришинг учун нима қилай? — дебди саркарда бир ҳиммат айламоқчи бўлиб.

— Бироз сурилиб турсанг бўлди, қуёшни тўсаяпсан, — дея жавоб берган экан хум ичидаги киши.

Қиссадан ҳисса шуки, бойлик орттириш илинжида хонадонингизга тушиб турадиган қуёш нурларини тўсманг. Пул топилади, истаганингизча кўп ҳам топилади, қачонки унга хотиржам муносабатда бўлсангиз...

МУХЛИСА

Манба: Darakchi.uz