Ёрқин ва дам олган юз териси - жозибадорликнинг асосидир. Юз териси яхши ҳолатда бўлса, унга ортиқча пардоз воситаларини суришга ҳам ҳожат бўлмайди. Шу сабабдан ҳам юз терисининг тиниқлигини йўқотиши, нурсиз бўлиб қолишига қарши курашиш ва бунинг олдини олишга ҳаракат қилиш лозим.
Юз терисининг нурсиз бўлиб қолиш сабаблари
- Моддалар алмашинувининг бузилиши
Юз терисининг ранги ошқозон-ичак тизимининг фаолияти билан тўғридан-тўғри боғлиқ ҳисобланади. Агар унинг фаолиятида муаммолар бўлса, бу тезда ташқи кўринишингизда акс этади - турли тошмалар пайдо бўлади, ёғ безларининг фаоллиги ортади, юз териси тезроқ ифлосланади. Бу эса юз терисини нурсизлантиради.
- Зарарли одатлар
Алкогол ва тамаки маҳсулотларининг терингизда акс этишини узоқ кутишингизга ҳожат йўқ. Никотин ва спирт томирларнинг торайиши ва қон айланишининг қийинлашишига олиб келади. Бу эса юздаги табиий қизилликнинг йўқолиши ва унинг рангсиз бўлиб қолишининг асосий сабабидир.
- Тўқималардаги қон айланишининг бузилиши
Узоқ вақт давомида компьютер қаршисида ўтириш ёки ёзув столидаги ҳужжатлар устида бошни доим эгиб ўтириш оқибатида теридаги алмашиш жараёни бузилади. Бу эса юзни нурсиз кўринишга келтириб, тез қаришига олиб келади.
- Озуқавий моддаларнинг етишмаслиги
Қиш-баҳор мавсумида рационимиздаги витаминлар миқдори минимал даражада бўлганда юзнинг рангсиз бўлиш хавфи ортади. Айниқса, А, С, Е ва Б гуруҳига мансуб бир қатор витаминларнинг етишмаслиги тери ташқи кўринишида кучли акс этади.
- Баъзи витаминларнинг меъёрдан ортиб кетиши, шунингдек, оқсилни меъёрдан кўп истеъмол қилиш
- Баъзи сурункали хасталиклар
- Терини нотўғри парвариш қилиш
Ҳар куни ухлашдан олдин пардозни ювиб ташлаш, мунтазам пилинг ва скраблардан, шунингдек, турли ниқобларнинг фойдали хусусиятларидан фойдаланиш тери ёрқинлиги гаровидир.
Юз терисининг нурсизлашишига қарши қандай курашиш мумкин?
- Моддалар алмашинувини нормаллаштириш
Бунинг учун рационни клечаткага бой маҳсулотларга бойитиш, шунингдек, овқатланиш ва уйқу режимига амал қилиш лозим.
- Зарарли одатлардан қутулиш
- Фаол ҳаракатда бўлиш
Узоқ вақт ўтириб ишлашга мажбур бўлсангиз, бўйнингизни машқ қилдириб туринг. Умуман тоза ҳавода кўпроқ сайр қилиш, сузишга вақт ажратинг.
- А, С, Е ва Б витаминлар гуруҳига бой маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилинг. Шу билан бирга, ёғ, оқсил ва углеводларга бой маҳсулотларни чекланган миқдорда тановвул қилинг.
- Мавжуд хасталиклардан даволанинг
- Терини тўғри парвариш қилинг
Қуруқ юз учун кўпроқ озуқа керак бўлса, ёғли терида ёғ безлари фаоллигини нормаллаштириш ва тозалаб туришга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Мақолани тайёрлашда интернет манбаларидан фойдаланилди.