Ўзбекистонда Жанубий Корея университети филиали очилиши кутилмоқда, бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати SOF.UZ'га хабар беради.
19 июль куни Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов билан Жанубий Кореянинг Ажу университети проректори Лим Жейк ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Мулоқот чоғида Ажу университетининг юртимизда филиали ва клиникасини ташкил этиш, уни самарали фаолият юртиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш, кадрлар таъминоти бўйича мулоқотлар олиб борилди.
Маълумот учун, 1973 йилда ташкил этилган Ажу университети нафақат Жанубий Кореяда, балки жаҳонда ҳам нуфузли университетлардан бири ҳисобланади. Йилига 750 нафарга яқин хорижий талабалар ҳам таҳсил оладиган ушбу олий ўқув юрти дунёнинг 58 мамлакатининг 200 дан ортиқ таниқли университети билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Айни пайтда бу ердаги мавжуд саккизта факультетда — тиббиёт, техника, ахборот технологиялари, юридик, табиий ва гуманитар фанлар ҳамда бизнес йўналишида мутахассислар тайёрланади.