Ошхона

Очил дастурхон: Гўштли ўрама

2016 йил билан хайрлашиб, 2017 йилни қарши олишимизга ҳам оз қолди. Айни кунларда аёллар байрам дастурхонига қандай таомларни тайёрлашни ўйлаш билан банд.

Эркаклар эса аёллардан байрамона дастурхонга пишириладиган ширинликлар, таомларга кетадиган масаллиқларнинг рўйхатини кутишмоқда.

Шуларни инобатга олган ҳолда байрам дастурхони учун оила аъзоларингиз ва меҳмонларингизни ҳайратда қолдирадиган таомларнинг рецептини эътиборингиз ҳавола этиб борамиз.

Биринчи таомимиз гўштли ўрама, деб номланади. Ушбу таомни қўй, мол, товуқ гўштидан тайёрлаш мумкин. Балиқ, от гўштидан тайёрлаш мақсадга мувофиқ эмас.

Гўштли ўрама Таомни тайёрлашга керак бўладиган маҳсулотлар:

1 бўлак қўй сони; 200 грамм туршак; 200 грамм олхўри (олхўрининг қоқисидан ҳам фойдаланиш мумкин); 100 грамм ёнғоқ; 2-3 дона қизил сабзи; 1 та саримсоқ пиёз; Туз; Зира; Кашнич уруғи; Мурч;

Тайёрланиши: Гўштнинг пастки суяк қисмининг ўзи қолдирилиб, ичидаги барча майда суяклар эҳтиёткорлик билан олиб ташланади. Сўнг махсус болғача ёрдамида гўшт уриб чиқилади. Гўшт майинлашгач, уни тоза стол устига қўйилади ва унинг ичига олхўри, туршак ҳамда саримсоқ пиёзни бутунлигича, ёнғоқни майдаланган ҳолда сабзини эса 4 бўлакка бўлиб гўштнинг ҳар жойига териб чиқилади.

Таъбга кўра туз, зира, кашнич уруғи сепилади. Гўштни бир чеккадан охиригача ўраб чиқилади ва устини ип билан қаттиқ ўралади. Олдиндан қиздирилган газ печининг ичига махсус қозон ёки тоғорачада сув қуйиб, ичига гўштни соласиз ва ўртадан пастроқ оловда 2 соат давомида пиширилади. Пишган ўраманинг устки қисми қизиб турган ёғда бир неча сония давомида қизартириб олинади.

Тайёр таом дастурхонга иссиқлигича кесиб-кесиб тортилади. Ёқимли иштаҳа!

Манба: Qalampir.uz