Ҳомиладорлик

Онанинг чекиши ҳомила ДНК'сини ўзгартиради

АҚШ'нинг атроф-муҳит миллий институти (NIEHS) олимлари ҳомиланинг ривожланиши вақтида чекиш унинг ДНК'сининг мутациясига олиб келишини исботлашди. Тадқиқот American Journal of Human Genetics журналида чоп этилди.

Чекиш ва ДНК'нинг кимёвий модификацияси ўртасидаги боғлиқлик авваллари ҳам ўрганиб чиқилган. Аммо 6685 оналар ва янги туғилган болалар иштирокида олиб борилган охирги тадқиқот натижасида бу зарарли одат катта ёшли чекувчилардаги каби ҳомила генида ҳам эпигенетик ўзгаришларга олиб келиши аниқланди. Тадқиқот муаллифи Стефани Лондон қуйидагича изоҳлайди: “Қориндаги ҳомила сигаретадан чиқадиган моддалардан нафас олмасада, уларнинг кўп қисми плацентга тушади”.

Тадқиқотда иштирок этган 13 фоиз она доимий чекувчилар гуруҳига, 62 фоизи чекмайдиганлар ва 25 фоизи эса кам чекувчи ёки ҳомиладорликнинг илк ҳафтасида зарарли одатдан воз кечганлар гуруҳига мансуб бўлган. Шунингдек, тадқиқотчилар янги туғилган чақалоқларнинг киндигидан қон намунаси олиб, уларнинг ДНК метиллашувини текширишган.

Натижада, доимий чекиб юрган оналарнинг болаларида эпигенетик ўзгаришлар содир бўлиши кузатилган. Бу ўзгаришлар келажакда нафас ва асаб тизими касалликлари, чекиш билан боғлиқ онкологик хасталиклар, шунингдек, туғма нуқсонларга олиб келар экан.

Манба: Kun.uz