Жуда кўп аёллар ўз қоматидан норози бўлиб, мукаммалликка интилади, улар янада озғинроқ ва жозибалироқ кўринмоқчи бўлади. Афсуски, буни қисқа вақт ичида амалга ошириш мумкин эмас, бироқ баъзи кийим-кечаклар ёрдамида қоматингизга бироз тузатиш киритиш мумкин. Бундай кийим-кечак буюмлари билан мақолада танишишингиз мумкин.
Ноодатий тўғноғич (брошь)
Ёрқин тўғноғич ўзига диққатни жалб қилади ва қоматдаги камчиликлардан эътиборни чалғитади. Унинг ўртача катталикдагисини танлаган маъқул. Тўғноғични пиджак ёки блузканинг қайтарма ёқасига қадашингиз мумкин.
Маржон
Тўғри танланган тақинчоқлар, шу жумладан, маржон фақат фойдангизга иш беради. Узун ва қат-қат мунчоқ гавдани узунроқ қилиб кўрсатади. Майда мунчоқ фақат нозик қизларга тавсия этилади, қолганлар эса ўртача катталикдаги маржонларни тақиши маслаҳат берилади.
Шарф
Энг оддий шарф ҳам сизга ёрдамга келиши мумкин, бунинг учун уни елкангизга ташлаб, учларини пастга туширинг, уларни ҳеч ҳам бўйинга ўраш керак эмас, акс ҳолда бўйин семиз кўриниб қолади.
Пошна
Сиз учун энг яхши вариант — баланд, бироқ қалин пошнали пойабзал. Ёдда тутинг, ингичка пошна оёқни янада тўлароқ қилиб қўяди.
Пиджак
Камчиликларни бекитиш учун қалин матодан тикилган, сондан сал пастроққа тушиб турувчи ва бел қисми хипчалашган пиджакни танланг. Унинг ранги қора бўлиши шарт эмас, ўзингиз севган рангни танлашингиз мумкин.
Блузка
Агар блузка бел қисми ингичкалашган ҳамда ортиқча безакларсиз бўлса, озғин кўрсатиши мумкин. Бурма ҳошиялардан эҳтиёт бўлинг, улар ортиқча вазн қўшади, холос.
Юбка
Белида ортиқча нарса бўлмаган ва вертикал бурмаларга эга бўлган енгил модель жуда чиройли кўринади.
Трикотаж
V шаклидаги ёқали кофта гавдани чўзади ва бироз озғин кўриниш беради.
Кўйлак
Гардеробингизда бир йўла бир нечта боп кўйлаклар бўлиши керак. Масалан, улардан бири V шаклидаги ёқа, ташланиб турувчи этак ва кичик безакка эга бўлиши мумкин.