Биласизми?

Президентнинг янги қарори лойиҳаси: Ўзбекистонда ўқитувчиларнинг мавқеи оширилади

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида "Халқ таълими тизимидаги педагог ходимларнинг ижтимоий мавқеини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида"ги президент қарор лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжатда бугунги кунда халқ таълими муассасалари педагог кадрларининг ижтимоий ҳимоясини янада ошириш борасидаги ислоҳотларни тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилаётган бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар белгилаб берилган.

Қарор лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банк, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг:

энг яхши фан ўқитувчиларини чет эллардаги етакчи таълим муассасаларига малака ошириш учун қисқа муддатли стажировкаларга юбориш;

расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган дам олиш кунларида ва таътил даврларида таълим муассасаларининг педагогларига ўз ўқувчилари билан саёҳатлар уюштиришига қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини қўллаб-қувватлаш мақсадида Касаба уюшмаси маблағлари ҳисобидан юртимизнинг тарихий-маданий марказлари ва ноёб табиат гўшаларига саёҳатларини ташкил этиш;

таълим муассасалари педагог кадрларини давлат мукофотларига тавсия этиш салмоғини кўпайтириш, шунингдек тармоқ мукофотлари сонини ошириш;

таълим муассасалари педагог кадрларининг маънавий дунёсини, иш фаолиятини, улар оиласидаги баҳамжиҳатлик муҳитини, рўзғорларидаги саранжом-саришталикни оммавий ахборот воситалари орқали аҳолига намуна қилиб кўрсатиш мақсадида туркум кўрсатув ва мақолалар сонини кўпайтириш;

халқ депутатлари вилоят ва туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлигига ва фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ҳамда сайлаш асосида жамоат ташкилотларига тайинланадиган раҳбарлик лавозимларига тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқаролар фикрини инобатга олган ҳолда, номзодларни илғор ва ташаббускор педагог кадрлар таркибидан кўрсатишни кенг жорий қилиш;

таълим муассасалари педагог кадрларининг соғлиқларини профилактика қилишни яхшилаш борасида уларни соғлиқни сақлаш органлари томонидан бир йилда бир маротаба кенг қамровли бепул тиббий кўрикдан ўтказиш;

таълим муассасаси ва халқ таълими бошқарув органларида 5 йилдан ортиқ фаолият олиб бораётган, ўз касбий маҳоратини намоён қилаётган, таълим сифатига муносиб ҳисса қўшаётган педагоглар учун арзон уй-жойлар қурилиши дастури доирасида уй-жой сотиб олишлари учун узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилиши мумкин.

2018 йил 1 сентябрдан бошлаб:

а) умумий ўрта таълим муассасаларининг юқори синф ўқитувчиларининг ойлик иш ҳақлари 24 фоизга, бошланғич синф ўқитувчиларининг ойлик иш ҳақлари эса 10 фоизга оширилиши мумкин;

б) таълим муассасаларининг ўқув-тарбия жараёнига шахсий ҳисса қўшаётган, ўз касбига содиқлик ва ташаббускорлик, юқори касб даражасини намоён этаётган, ўқувчилари ҳудудий, республика ва халқаро миқёсдаги турли фан олимпиадаларида совринли ўринларни қўлга киритган педагог кадрларга энг кам ойлик иш ҳақининг 3 баробаридан 20 баробаригача миқдорида бир марталик моддий рағбатлантириш тартиби жорий этилиши мумкин;

в) умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчиларининг педагогик юкламаси бекор қилинади, улардан ортиқча ҳисоботлар ва қўшимча маълумотларни талаб қилиш амалиёти қатъиян тақиқланади;

г) умумий ўрта таълим муассасалари ўқитувчилари томонидан олий ва биринчи малака тоифасини олиш учун топшириладиган тест синовлари учун тўланадиган тўлов миқдорини икки баробарга камайтирилади;

д) умумтаълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармаси маблағларини шаффофлик, ошкоралик ва адолатлилик принциплари асосида сарфлаш имконини берувчи янги тартиб ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Мактабгача таълим вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда:

ҳар томонлама мукаммал билим ва салоҳиятга, юксак инсоний фазилатларга эга бўлган педагог кадрларни тайёрлаш учун педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларига қабул жараёнида абитуриентлар учун тест синовлари билан бирга битта фан блоки ўрнига ижодий имтиҳон киритиладиган таълим йўналишларини белгилайди;

таълим муассасаларининг педагог кадрларга бўлган эҳтиёжларини чуқур таҳлил қилган ҳолда педагогика соҳасидаги таълим йўналишларига давлат гранти асосида қабул квоталарини кўпайтириш юзасидан асослантирилган таклифлар киритади.