Биласизми?

Пул билан муомала қилишнинг биз риоя қилмайдиган 10та қоидаси

Ўзгаларнинг маоши билан қизиқиш одобдан эмас – кўпчилик яхши таниш бўлмаган одам билан мулоқотда бундай саволлардан «қочишга» бир неча марта ҳаракат қилган бўлса ажаб эмас. Бироқ баъзида ўзимиз ҳам атрофдагиларни ўта қизиқувчанлигимиз ва ҳаракатларимиз билан ноқулай вазиятга солиб қўяётганимизни сезмай қоламиз. Пул маданиятининг баъзи қоидаларини билсак, буни бартараф этиш мумкин.

Ўзингизни синаб кўринг: ресторанда дўстлар билан қандай ҳисоб-китоб қилиш, ҳамкасбга совға учун пул йиғиш ва ноўрин саволлардан қандай чиқиб кетишни биласизми?

Биз пул маданиятининг ҳар бир катта одамга керакли бўладиган 10 хил вазиятини тўпладик.

1. Ўзгаларнинг харажати ва танловини изоҳламанг

Атрофдагилар пулни қандай сарфлашини муҳокама қилиш, нафақат одобсизлик, балки маънисиздир. Агар дўстингизни сиз билан дам олишга таклиф этсангиз-у, у рад жавобини берса, сизнинг «Маошинг меникидан икки марта кўп, кетдик!» қабилидаги изоҳларингиз унинг қарорини ўзгартирмайди. Бироқ муносабатларга путур етказиши мумкин. Аслида дўстингиз билан қанчалик яқин бўлсангиз-да, унинг ҳозир қандай молиявий вазиятда (қарз, кредит, операцияга пул йиғиш ва ҳ.к) эканини билмаслигингиз мумкин.

Бундан ташқари, ўзгаларнинг харажатларини, айниқса уларнинг ортидан муҳокама қилишдан ўзингизни тийинг. Албатта, ҳамкасбингизнинг қиммат сартарошга бориши ақлга сиғмас ёндашув бўлиши мумкин. Ахир бундай хизмат учун икки баравар кам пул тўласа ҳам бўлади-ку! Ҳа, сиз пулни бошқача сарф қилган бўлардингиз. Бироқ бу унинг танлови, сизники эмас.

2. Биргаликда вақт ўтказишни режа қилаётган бўлсангиз, дўстларингизнинг молиявий ҳолатини ҳам ҳисобга олинг.

Агар дугонангиз кредит тўловини амалга ошираётган ёки дам олишга пул йиғаётган бўлса, қимматбаҳо ресторанга бориш фикрида қатъий туриб олиш ярамайди. Яхшиси у қаерга боришни исташини сўраб кўринг: шундай қилсангиз, унинг рад этишига тўғри келмайди, сиз эса ўзингизни ноқулай ҳис қилмайсиз.

3. Гуруҳ номидан қилинадиган совға учун пул йиғаётганда ҳар бир одамнинг бюджетини ҳисобга олинг.

Дўстлар ва ҳамкасблар номидан совға учун пул йиғишни сиз ташкиллаштираётган бўлсангиз, бир хил миқдордаги пул маблағи ҳамма учун маъқул бўлади деб ўйлаш ярамайди. Тасаввур қилинг: кимдир бюджетига совға учун 50 минг сўм чиқимни киритган, ундан эса 100 минг сўм талаб қилиняпти! Бошқа биров учун пул йиғиш умуман кутилмаган ҳолат бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳаммадан у қанча сарфлашга тайёр эканини билиб олган ва ушбу маълумотдан келиб чиқиб иш кўрган маъқул.

4. Ресторандаги ҳисоб ҳаққоний равишда тенг бўлинаётганига эътиборли бўлинг

Ресторан ёки бардаги ҳисобни катта компанияга бўлаётганингизда деярли емаган ёки ичмаган одамлар борлигига ишонч ҳосил қилинг. Кимгадир компания учун буюртма қилинган таом ёқмаган бўлиши мумкин, бошқа биров мусалласни рад этган бўлиши мумкин. Ҳеч ким ўзгалар учун олиб келинган яхна таом ва ичимлик учун қўшимча ҳақ тўлашни истамайди. Шунинг учун бундай ҳолатда ҳар бир киши ўзига тўлагани осонроқ.

5.Агар дўстингизга бирор хизматни кўрсатиши учун мурожаат қилсангиз, бошқа профессионал одам каби унинг хизмат ҳақини тўланг

Ҳа, бу зўр тикувчи ёки сураткаш – сизнинг дўстингиз. Бироқ муносабатларингиз автоматик чегирмалар бермайди. У сизга бирор нима қилиб бериш учун ўз вақти ва ресурсларини сарфламоқда, шунинг учун унинг меҳнатига мос равишда ҳақ тўланг.

6. Сиздан кам маош оладиганларга пул билан муаммоларингиз устидан шикоят қилманг

Сиз анчадан бери янги телевизор харид қилмоқчи эдингиз, нархлар кутилмаганда кўтарилди. Ҳа, бу ёқимсиз ҳолат. Икки ойдан бери оддий микротўлқинли печ сотиб ололмаётган одам учун шикоятингизни эшитиш икки марта ёқимсиз. Шунинг учун дўстингиз ўзини сиздан ҳам ёмонроқ ҳис қилмаслиги учун ўзингизни бундай муҳокамалардан тийинг.

Умуман олганда, универсал қоидани ёдда тутиш зарур: яқинларингизнинг кирими, қарзи, харажат ва кредитлари ҳақида қанча кўп билсангиз ҳам молиявий мавзуларни эҳтиёткорлик ва тушунган ҳолда муҳокама қилинг.

7. Ўзгалардан уларнинг буюмлари қанча туришини сўраманг

Одамлар ўзгаларнинг маоши билан қизиқиш одобдан эмаслигини билишади, бироқ шунга ўхшаш бошқа саволлар беришдан уялмайдилар: «Ижара ҳақи қанча?», «Қимматбаҳо туфли?», «Йўлланма қанчага тушди?». Бундай саволлар бериш орқали суҳбатдошингизни ноқулай вазиятга солиб қўйишингизни унутманг. Улар ҳақида унутинг, агар қизиқувчанлигингиз тинчлик бермаётган бўлса, сизни қизиқтирган буюм нархини гуглдан изланг.

Агар бундай саволларни сизгаберишса, ёдингизда бўлсин, уларга жавоб беришга мажбур эмассиз. Ёки уларнинг ўзидан манна бундай сўришингиз мумкин: «Нима учун сўраяпсиз?»

8. Қарзни доимо ўз вақтида қайтаринг

Идеал дунёда ҳеч ким қарз олмайди ва бермайди. Бироқ агар қарз олган бўлсангиз, қачон қайтара олишингизни айтинг ва муддатга риоя этинг. Агар пулни қачон қайтаришни билмасангиз, дўстингизга ҳам айнан шундай денг. Рад этилсангиз, хафа бўлманг: дўстлик ўз йўлига, ҳеч ким сизга ҳомийлик қилишга мажбур эмас.

9. Мажбурлик ҳисси туфайлигина қарз берманг

Баъзи кишилар дўстлар ва қариндошларга қарз бермаслик қоидасига амал қилишади. Бир томондан бунда рационал асос бор. Агар бундай амалиётга қарши бўлмасангиз, вазият бюджетингизга ҳам, муносабатларингизга ҳам путур етказмаслигига ишонч ҳосил қилинг. Охир-оқибат пулни қайтариш билан юзага келадиган муаммолар сабаб дўстни йўқотгандан кўра дўстингизга рад жавобини берганингиз маъқул.

Агар яқин кишингизга рад жавобини беришга уялаётган бўлсангиз, ўзингизни оқлашга мажбур эмассиз. Кредит тўлаётганингиз ва йирик харидга пул йиғаётганингизни айтинг.

10. Ўзгаларни пул билан қандай муомала қилиш кераклигига ўргатманг

Балки бу одамга ёрдам беришни истаётгандирсиз. Бироқ ўзгаларни уларнинг пулларини қандай сарфлашга ўргатиш ярамайди. Балки сиз пулни қандай йиғиш, кредит олишдан «қочиш»ни яхши биларсиз. Аммо улар бундай маслаҳатларни сиздан сўрашганидагина молиявий сабоқларингиздан миннатдор бўлишади. Акс ҳолда бу уларнинг ғашини келтиради.

Одатда пул билан боғлиқ масалаларда ақл-заковат билан иш кўришнинг ўзи етарли. Бу оддий қоидага риоя этинг, агар кимдир уни бузаётган бўлса, шахсий чегараларни ўрнатишдан чўчиманг.

Балки бу рўйхатга қўшимчаларингиз бордир? Изоҳларда фикрларингизни биз билан бўлишинг.

Манба: Kun.uz