Иш

Қандай қилиб иш ва оила ўртасидаги мувозанатни топиш мумкин?

Мақолада стрессдан қутулиш ҳамда оила ва иш ўртасидаги мувозанатни сақлаш ҳақида билиб оласиз.

Бугунги дунёда иш ва шахсий ҳаётни муваффақиятли тарзда уйғунлаштириш — осон иш эмас. Ҳар куни биз танлов қаршисида қоламиз: узоқроқ ишлаш ёки оила билан вақт ўтказиш, вақтингизни ўзингиз ва яқинларингиз учун сарфлаш. Албатта, биз ҳар ерда ҳар нарсага улгуришга интиламиз, бироқ ҳаётимиздаги қайсидир соҳа оқсаши муқаррар. Кўплаб мамлакатларда ушбу муаммо компания раҳбарияти томонидан, ҳаттоки давлат даражасида ҳал қилина бошлаган, зеро ҳаётимизнинг ушбу иккита муҳим таркибий қисми — оила ва иш ўртасидаги мувозанат уйғунлик ва бахт, пировардида эса саломатлик ва профессионал самарадорликнинг ошиши гаровидир.

Ниманидир ўзгартириш вақти келганини қандай аниқлаш мумкин?

  • Сиз оилангизга кам вақт ажратаётганингиз учун ўзингизни тез-тез айбдор ҳис қилмоқдасиз;
  • зўриқиш, безовталик ва ёмон кайфият оддий ҳолатга айланган;
  • дам олиш чоғида иш ҳақида ўйламасдан тура олмайсиз, баъзан ҳатто оилангиз билан мулоқотдан қочасиз;
  • сизни тарк этмаётган чарчоқ ҳиссини ишдаги зўриқиш натижасига йўясиз;
  • оилада низолар кўпайган, уйдаги муаммолар туфайли сиз шахсий муносабатларингизни ишда қуришга интиласиз;
  • ҳамкасблар ва шерикларингиз билан хушмуомала, эътиборли, назокатли муносабатда бўласиз, уйга қайтгач эса, бор заҳрингизни яқинларингизга сочасиз.

Агар юқоридаги бандлардан бирортаси ҳам сизга тўғри келса, унда чора кўриш вақти келди.

Иш ва уй ўртасидаги мувозанатни йўқотиб қўйдингиз, энди нима қилиш керак?

Биринчидан, диққатингизни бошқа йўналишга ўзгартиришни ўрганинг ва уйга келгач, ишни ташқарида қолдиринг. Иш қанчалик муҳим бўлмасин, у яқин одамларингиз билан мулоқот ўрнини боса олмайди. Агар ишда сизни нимадир хавотирга солаётган бўлса, уни оилангиз билан бўлишинг, бу сизни янада яқинлаштиради.

Иккинчидан, ўзингиз учун ҳаётингиздаги иккала соҳани ҳам бир хил даражада аҳамиятли дея эътироф этинг. Улардан бирини бошқасининг зарарига афзал кўриш керак эмас. Ишхона ва уйдаги ишларни мувозанатлаштиринг ва энг муҳим ишларни тўғри тақсимланг.

Учинчидан, иш кунини режалаштиринг ва унга риоя қилишга интилинг. Бу бир йўла бир нечта муаммони ҳал этишда ёрдам беради: оилангиз билан вақт ўтказаётганда тўсатдан ёдингизга тушган ишларга чалғимайсиз, уйда низолар камайса, ишда ҳам хотиржамлик билан хизмат вазифаларингизни бажаришингиз мумкин бўлади.

Тўртинчидан, ўзингизга мажбуриятларингизнинг бир қисмини ҳамкасбларга юклашга ёки ёрдам сўрашга изн беринг. Барча ишларни мустақил тарзда бажаришга уринманг. Онангиз, опа-сингилларингиздан уй ишларига ёрдам беришни ёки болаларга қараб туришни сўранг, уйда овқат пиширишга улгурмасангиз, ресторанда тановул қилинг. Масъулият — яхши хусусият, бироқ сиз мутлақо ҳамма нарсани ўз елкангизга орта олмайсиз.

Бешинчидан, ўз-ўзингиз билан рўй-рост ва очиқчасига гаплашинг. Ўзингиздан бахтли ёки бахтли эмаслигингиз ҳақидаги саволни тез-тез сўраб туринг. Ҳар куни ўз ишингиз билан шуғулланиш сизга қувонч келтиряптими ёки машғулотингизни ўзгартириш вақти келдими? Сизда доим бу саволларга жавоб бўлади, асосийси, ўз-ўзингизга диққат билан қулоқ тутинг!