Оила

"Қайнонам ётоқхонамга аралашаверади"

Ҳеч аҳамият берганмисиз, кўча-куйда, тўй-ҳашамда келинлар тўпланиб қолса, қайноналар дарҳол уларнинг суҳбатини бўлишга ҳаракат қилишади. Недурки, келинлар бир бўлиб, қайнонасини ёмонлар эмиш... Бу гапда нечоғли жон бор билмадимку-я, лекин яқинда эр-хотин «ётоқхонасига қоровулчилик» қиладиган қайноналар ҳақидаги ҳасратни эшитиб қолдим... Қанчалик ҳайратланмай, бу каби ҳолатлар кўпчиликнинг дарди экан...

«Ёлғизлик қурсин...»

Сабоҳат ая, 58 ёш: — Уч фарзандимни вояга етказиб, эрта-индин қуда-андали бўламиз деб турганимизда турмуш ўртоғим вафот этди. Икки қизимни узатдим, ёлғиз ўғлимни ҳам уйлантирдим. Етказганига шукр, бир-биридан ширин набираларим бор. Куни бўйи шулардан ортмасам ҳам кечга бориб, телевозор қаршисида бир ўзим қолиб кетаман. Қани энди келиним билан ўғлим мен билан гурунглашиб ўтирса.... Аввалига келиним ҳам ана шу кечки суҳбатларимизда биз билан бирга ўтирарди, кейин эса ўғлим билан бизни ёлғиз қўядиган бўлди. Келинг, ўтиринг, десам ишларимни қила қолай, деб жавоб берарди. Бироз вақт ўтгач эса, эр-хотин тез-тез уришадиган бўлиб қолди, ўғлим ҳам уйга кеч қайтадиган одат чиқарди. Яқинда эса унинг бир жувонга илакишиб қолганини билиб қолдим. Шунда келиним «Ўғлингизни кечалари билан олдингизда олиб ўтиравермаганингизда, бу ишларнинг ҳеч бири бўлмасди» дея таъна қилди-ю, дунё кўзимга қоронғу бўлиб кетди. Ахир мен онаман, ўз фарзандим оиласига ҳам ёмонлик тилайманми?

«Шу ҳам ҳаёт бўлдими? »

Карим, 27 ёш: — Уйланганимга тщрт ой бўлади. Истак билан имконият бир-бирига ҳар доим ҳам мос келавермас экан. Ота-онам, акам, хотини, бир қизчаси ва мен рафиқам билан 4 хонали уйда яшаймиз. Сал қаттиқроқ йўталсангиз, шубҳасиз ҳамма эшитади. Рафиқам табиатан уятчан, камига ётоқхонамизни олдидан кимдир ўтса борми, яқинлашишимга йўл қўймайди. Баъзан оиламдагиларнинг бу ишидан жаҳлим чиқиб кетади. Атай қилишадими, нима?! Ахир бир вақтлар ўзлари ҳам мендек ҳис-туйғуларни бошидан ўтказишган-у?! Наҳотки ёш эр-хотинни безовта қилмаслик ҳақида ўйлаб кўришмаса... Хотиним ўзини ноқулай ҳис қилиши, ҳаддан ортиқ уялиши, қўрқиши менга ҳам ўз навбатида таъсир кўрсатяпти. Турмушимиз бошланмасидан аввал изидан чиқиб бўлгани алам қилади!

«Қизғонманг, ойижон ўғил сизники...»

Доно, 26 ёш: Қайнонам ўғли менга меҳрибонлик кўрсатаётганини кўриб, ичлари тирналаётганини очиқчасига кўрсатади. Камига суҳбатимизни ҳам пойлайдиган одати бор. Бу нима, рашкми? Ўзлари сезмаган ҳолда мени кундош ўрнида кўряптиларми? Эрталаб барвақт тура олмасам, дарров хулоса чиқаришга шошилади. Қайнисинглим ухлаб қолса, “Чарчагандир, бир оз дам олсин” дейди-ю, менга келганида, «эрингни олдида илондай тўлғонгандан кўра, эртароқ тур», деб жаҳл билан ётоқхонамгача кириб келади. Эрим чорлаганида киролмасам, у кишидан балога қоламан. Наҳотки, эр-хотин тинч бўлсин, меҳр-мухаббат билан яшасин, деб суюниш қийин бўлса! Кунда жанжал қилганимизда нима қиардилар?!

“СИЗГА НИМА? СИЗ УХЛАНГ, ҲЕЧ ИШИНГИЗ БЎЛМАСИН!”

Рамазон НАЗАРОВ, олий тоифали шифокор, сексопатолог: — Ҳурматли ота-она, фарзандингиз боғча, мактаб, ҳаттоки, олий ўқув юртига илк маротаба борган вақтини бир эслаб кўринг. Янги муҳитга мослашгунига қадар озроқ муддат ва яқинларининг ёрдами зарур бўлган-ку?! Тўғрими?! Турмуш масаласида ҳам шу! Икки ёш янги ҳаёт тарзига, бир-бирига кўникиб олгунигача уларни холи қолдириш, тинч қўйиш лозим. Эр-хотин ишига ҳеч ким ва ҳеч бир сабаб билан аралашмаслик керак! Имкони борича, ёшларнинг ётоқхонасига даҳл қилмаслик, имкон бўлмаганида эса, уларнинг тунда чўмилишига ёки хонасидан чиқаётган товушларга шунчаки бефарқлик билан қарашни маслаҳат берамиз. Акс ҳолда, ёшларнинг ҳар иккиси, айниқса, йигит киши кўпроқ тушкунликка тушади. Оиланинг тинчлиги ва тотувлигинининг тиргакларидан бири жинсий ҳаёт эканлигини тан олмай иложимиз йўқ! Бир-биридан қониқиш туймаган эр-хотин ўртасидаги муносабатлар бора-бора совуқлашиб, келишмовчиликлар юзага келиши мумкин. “Қоровул” қайноналарга айтар гапим, келинингиз елиб-югуриб хизматингизда бўлишини, ўғлингиз уйга шошиб қайтишини истасангиз, бу ишингизни ташланг!

“Эркакларга кўп нарса боғлиқ!”

Гўзал РЎЗМАТОВА, руҳшунос: — Халқимизда «Қизил оёқ келиб, қизил юздан жудо қилди», деган мақол бор. Бу келин келиб, ўғлимни ўзиники қилиб олди, дегани. Айрим аёлларда ўғлини қизғаниш ҳисси бўлади. Ўғил уйланиб, келин билан ётоғига кириб кетганидан кейин она қалбида бир узилиш бўлади. Яъни, ҳамиша ёнида бўлган ўғил энди ўзганинг иҳтиёрида. Балки шу ҳис онада келинга нисбатан норозилик уйғотар? Бу руҳият муаммоси. Фикрни бирданига рад этмайлигу ўйлаб кўрайлик. Қайнона-келин муаммосини ҳал этишда шу руҳий ҳолатни ҳам назардан четда қолдирмайлик. Айниқса, ўғил фарзандлар шу масалада эҳтиёт бўлишлари керак. Тўйдан кейин онага бўлган эътиборни зарра қадар ҳам камайтирмасликлари шарт.

Келинларга ҳам икки оғиз ....

Турли муаммоларга тўла турмушнинг бир муштидан қочай десангиз, биз берган маслаҳатга бефарқ бўлманг! Эрингиз билан ўртангиздаги муносабатларни қайнонангизга намойиш этмасликка ҳаракат қилинг. Ҳамма иш енг ичида бўлгани маъқул. Ўзингизни шундай тутингки, сизга эрингиз эмас, ҳаммадан ҳам қайнонангиз муҳимроқдай кўринсин. Қовоғидан қор ёғиб турса ҳам, ёнида бўлинг, атрофида айланиб-ўргилинг. Асло, ўғли билан ёлғиз қолганингизга кўзи тушмасин. Доим кўз ўнгида юринг, шу билан кўнглини ҳотиржам қиласиз. Ишонинг, бу ишлар бир умр давом этмайди, бир неча ой, балки йиллар ўтиб, қайнона ўғлини тортиб олмаганингизга ишонади ва сизни тинч қўяди. Аммо турмушнинг илк дамлари қийин кечиши аниқ ва сиздан оғир-босиқлик талаб қилинади. Бу қийинчиликлардан ақл-фаросат билан ўтсангиз, эр ҳам, қайнона ҳам сизники бўлади! Ишонинг!

Эр-хотиннинг хобгоҳи шу қадар сирли ва муқаддаски, унга учинчи шахс даҳл қилиш ҳуқуқига эга эмас! У ерда фақатгина турмуш ва муҳаббатнинг мевалари дунё юзини кўришга ҳақли! Оиланинг ҳар бир аъзоси донолик, фаросат ва бир-бирига тескари бўлмай иш юритса, албатта ҳаммаси яхши бўлади!

Манба: Darakchi.uz