Саломатлик

Қуруқ кўзлар синдромидан қандай сақланиш мумкин?

Агар кун охирида кўзингизни очиб-юмишда бир дақиқалик санчиқ ва ачишиш сезилса, бу сизда қуруқ кўзлар синдроми ёки ксероз белгилари пайдо бўлганидан дарак беради.

Қуруқ кўзлар синдроми – бу буғланишнинг юқори бўлиши ёки кўз ёши ишлаб чиқарилиши бузилиши натижасида кўз қорачиғининг етарлича намланмаслик ҳолатини билдиради.

«Охирги вақтларда қуруқ кўзлар синдроми жуда кенг тарқалган, — дейди Америка офталмология академияси вакили, кўз пардаси касалликлари бўйича мутахассис доктор Стефани Марионо. — Замонавий дунёда, одамларнинг нигоҳи доимий равишда планшет, телефон, компьютер ва телевизор экранларига қаратилгани учун улар ҳатто кўз юмишни ҳам унутиб қўйган!»

Одатда кўз ёши қавати кўз қорачиғи юзасини тўлиқ қоплаши ва уни ҳимоя қилиб туриши керак. У қуриб қолмаслиги учун биз кун давомида ҳар 4 сонияда кўзимизни очиб-юмиб туришимиз керак.

Яқинда ўтказилган тадқиқотларда компьютер билан ишлайдиган ҳар ўнта одамнинг тўққизтаси кўзини етарлича очиб-юммаслиги маълум бўлди. Бу уларнинг кўз қорачиғи юзаси келиб тушадиган суюқлик миқдоридан кўра кўпроқ буғлашини билдиради. Натижада биз юқорида санаб ўтилган ҳамма салбий белгиларни ва ҳатто кўриш қобилиятининг бузилганини ҳам сезамиз.

Компьютерда ишлашда, телевизор кўришда, электрон китоблар ўқиш вақтида кўзингизни қанча вақтда очиб-юмишингизга эътибор беринг.

Бошида бу сизга бироз ноқулайлик туғдиради ва кўзни тез-тез очиб-юмишга ўзингизни мажбур қилишингизга тўғри келади. Лекин бундай тартиб одатга айланади ва сиз кун охирига келиб қуруқ кўзлар ҳақида бутунлай унутасиз.

Манба: Daryo.uz