Шунча ишга қандай улгурасиз? Рўмол ўрабсиз, энди ишламайсизми ёки? Энди уйда ўтирасизми? Ишингиз, илмий ишингиз нима бўлади? Вақтингизни қандай ташкиллаштирасиз? Приоритетларни қандай тузасиз?
Агар, бир оз муддат илгари менга бу савол билан мурожаат этганингизда фақат ишлашимни, кўчадаям иш, уйдаям иш (ишҳона ёзув-чизуви), камига яна қўшимча тадбирлар, учрашувлар билан банд эканлигим, фақат бамдод намозини ўқишим тўғрисида айтиб берган бўлардим. Ҳозирчи нима ўзгарди дерсиз?
Ҳозир хам ишлайман, кун тартибим деярли ўзгармаган, аммо барча ишларим бамдод намозидан пешингача, пешиндан асргача вақтга бўлинган, приоритетга албатта фарзларим кўтарилган деб жавоб берган бўлардим.
Илмий ишларим давом этади, аммо йўналиши ўзгаради холос. Кечаги мақоламда айтганимдек, Исломни тиббиётга боғлаб ўрганаман энди, Ин Шаа Аллоҳ.
Касбим юзасидан олдимга келган аёлларимиз шикоят қилиб қолишади, ҳар бир куним бир хил, оила, иш, куни бўйи вақтим қандай ўтганлигини билмайман. Баъзида вақтим беҳуда гап, интернет ва ижтимоий тармоқлардаги лентани айлантириш кабиларга кетиб қолади. Қарабсизки, кун, ой, йил шу тарзда давом этаяпти. Нима маслаҳат берасиз?
Ўзингга раво кўрганингни бошқаларга хам раво кўр деган доно халқимиз. Шунинг учун ўзим кун тартибимни қандай режалаштираман, приоритетларни қандай тузаман, оиламга қанча вақт ажратаман, шулар ҳақида батафсил тўҳтаб ўтмоқчиман.
Аввало вақтни тўғри ташкиллаштириш тўғрисида динимизда нималар дейилган, шунга қисқача тўҳтаб ўтсак. Вақтни беҳудага сарфламаслик муҳимми? Албатта, қиёмат кунида бу ҳакда сўраламиз, беҳуда вақтга жавобини, фойдали вақтга ажрини олишимиз бор!
Термизийдан ривоят қилинади: «Қиёмат куни банда 4 нарсага жавоб бермагунча, жойидан жилмайди, ҳаёти ҳақида – қандай ўтказганлиги, ёшлиги ҳақида – нималар билан машғул бўлганлиги, бойлиги ҳақида - нималарга сарфлаганлиги, билими ҳақида – қандай фойдаланганлиги ҳақида албатта сўралади. Шундай экан, бизнинг бўш вақтимиз Аллоҳнинг неъмати эканлигини ҳис этган ҳолда ёндашсак, вақтимиз беҳудага сарфланишига йўл қўймаган бўламиз.
Аёлларни беҳуда вақт сарфлашига таъсир этувчи омиллар ўрганилганда, қуйидагилар аниқланган:
1. Ҳайрли ишларни кейинга қолдириш. Агар бирон бир ҳайрли иш ҳаёлингизга келса, уни дарҳол бажаришга киришинг. Сабаби шу ишни ўйлаган заҳотингиз, шайтон олдингизда пайдо бўлиб, бу ишни кейинроққа қолдиришингиз режасини туза бошлайди. Шунинг учун бирон яхшиликни ўйладингизми, уни тез амалга оширишга шошилинг!
2. Вақтни беҳуда ўтказиш (лағв). Ижтимоий тармоқларда кераксиз баҳслар, турли муҳокамалар, ТВ даги ноинформатив кўрсатув ва фильмлар, телефон ва телеграмдаги бефойда суҳбатлардан сақланишни тавсия этардим. Муслима аёл доим ўз ақли билан хатто Пайғамбаримиз Муҳаммад С.А.В. ни хам лол қолдирган даврларини эслаб, интеллектни ривожлантириш йўлини ўйланг. Яхшиси ҳар куни битта сура ўқинг, ундан хам яхшиси ёдлашга харакат қилинг!
3. «Нотўғри» дугоналарга тақлид қилиш. Қайсидир дугонангиз беҳуда саёҳатлар, кераксиз тадбирлар билан банд бўлиб, енгил ҳаёт кечиришга ўрганган бўлса, ундан асло ўрнак ола кўрманг ва узоқлашинг, муслима, тақволиларига яқинлашинг.
4. Ўз камчиликларингиз ва муаммоларингиз тўғрисида беҳуда ўйлаш. Албатта, беайб Аллоҳ, камчилик хаммада бор. Бу камчиликларни ҳаётдаги асосий муаммоингизга айлантириб улгурмасингиздан, Аллоҳдан паноҳ сўрашлик, бундай ҳаёллардан ҳалос бўлиб, умрингизга, ишингизга барака сўраш билан банд бўлишлик маъқул албатта!
Муслима аёл учун тайм менежмент қуйидаги принципларга асосланади:
1. Аллоҳнинг розилигига асосий диққатингизни қаратинг. Яъни кун, ҳафта, йил давомида қилган режангиздан қатъий назар, фарзларингиз доим приоритетда бўлсин ва ҳар бир ишингизни Аллоҳнинг розилиги учун қилинг!
2. Кунлик ишингизни 5 вақт намоз оралиғида режаланг ёки иш вақтида намоз ўқиб олиш тараддудида бўлинг. Намоз пайтида минг керакли иш бўлса хам режаламанг. Ўша «зарур ишингиз», «зарур инсонингиз» кутиб турмасину, намоз вақтида Аллоҳ кутиб турсинми? Бунга асло йўл қўйманг, Аллоҳни куттирманг!
3. Доим кўз ўнгингизда кунлик, ҳафталик, йиллик режангиз бўлсин! Ҳар куни 1 қадам қўйсангиз, мақсадингиз сари яқинлашасиз. Ҳар бир режангизни охирини эмас, кейинги босқичига чиқишни ўйланг. Чунки, ишни охирини уйласангиз, бу иш ниҳоясига етмаслиги мумкин. Шунинг учун режаларингизни босқичма-босқич амалга оширасиз, Аллоҳга таваккал қилиб бошланг ва асло гумонда бўлманг! Зиғирча гумонингиз бўлса ҳам, ишингиз кўнглиздагидек чиқмаслиги мумкин.
4. Ҳар куни ўзингиз ва оилангиздагилар учун дуода бўлинг.
5. Ўзингизга нисбатан талабчан бўлинг ва ўз қоидаларингизга риоя қилинг! Муслима аёл сизга осон эмас, оила сизнинг гарданингизда. Аммо унутмангки, сиз дангаса, уйқучи, ўз устингизда ишлашни истамасангиз, билингки, фарзандларингиз учун ёмон ўрнаксиз. Ҳар бир ишингизни оҳирини, асоратини ўйлаган холда иш тутинг! Ҳар бир кун, ҳафта, ой, йилга план қилинг! Уни амалга оширишда эса 3 пунктдаги ёзганларимни унутманг.
6. Танаффус қилинг ва рухингизга, танангизга дам беринг. Ўқиш, иш, рўзғор, илмга вақт ажратганингиз каби дам олишга хам вақт ажратинг. Параллел тарзда Қуръон тинглаш хам релаксацион хусусиятга эга бўлиб, кун давомидаги танадаги ва рухий чарчоқни чиқариб юборади.
7. Қайсидир ишингизни сизни ўрнингизга кимдир бажара олишига кўзингиз етса, уни ўша одамга юкланг. Бу билан ўз вақтингизни бошқа муҳимроқ вазифага ажратасиз. Ва қарабсизки, бошқарув психологиясидан хам кўникмангиз шаклланиб, яхши организатор, рахбарга айланганингизни билмай хам қоласиз.
8. Доим қисқа йўлини изланг. Вақт ва йўлни қисқартиришни, ундан самарадор фойдаланишни ўрганинг. Бир соатда 5 дақиқа тежасангиз, бир кунда 2 соат вақтингиз фойдага қолди дегани.
Хар куни ўзингиз учун кун тартибини ҳаёлан ёки ёзма равишда режаланг. Режангиздаги 5 та ишдан 2-3 тасига улгурган бўлсангиз хам тасанно! Сабаби вақтни беҳудага сарфлашдан шу афзал! Аллоҳга ҳамд-сано айтиб, зикр қилишни асло унутманг!
Гавҳар Тешабоева