Ошхона

Рўзадорлар учун тўйимли таомлар тайёрлаймиз

Рамазон ойининг ёз фаслига тўғри келиши рўза тутишни ният қилганларда бироз ҳадик уйғотиши мумкин. Аммо бундан ташвишга тушмасдан, саҳарлик учун тўғри таомларни танлаш мақсадга мувофиқдир. Саҳарда ўзингиз учун қувват ва чанқоқбосди бўладиган таом танлай олсангиз бас. Қуйида сизга қадимдан тановвул қилиб келинган фойдали таомлар рецептини ҳавола этишга қарор қилдик.

Саҳарлик учун — Гўжа оши

Ушбу таом саҳарлик учун жуда маъқул. Чунки у ўзининг витаминга бойлиги, тўйимлилиги ва ташналикни чақирмаслиги билан аҳамиятлидир.

go‘ja

Таом тайёрлаш учун керакли масаллиқлар:

500 грамм гўшт, 300 грамм тайёрланган жўхори, 100 грамм ёғ, 2 бош пиёз, ўртача катталикда 2 донадан картошка ва шолғом, таъбга кўра кашнич ва райҳон боғлами.

Аслида гўжа оши учун дўконларда сотиладиган ярим тайёр жўхорини ишлатган маъқул. Агар жўхорини ҳам ўзингиз тайёрламоқчи бўлсангиз, қўқонжўхорини пўсти яхши ажралиши учун оз-оз сув сепиб, келида туясиз. Туйилгандан кейин совуқ сувда яхшилаб ювиб, ивитиб қўйинг. Қозонга ёғ солиб, қизигач аввал майда тўғралган гўштни, сўнг пиёзни солиб, яхшилаб қовурасиз. Сўнг сув қуйиб, тайёр ивитилган жўхорини солинг. Таом 45 дақиқа қайнагач, тўртбурчак шаклда майда тўғралган картошка ва шолғомни қўшинг. Гўжа ошига масаллиқларнинг барчаси пишгачгина туз солинади.Тайёр таом косаларга сузилгач, устига майда тўғралган кашнич ва райҳон сепишни унутманг.

Ифторлик учун — Дармон шўрва

sho‘rva

Зарур масаллиқлар:

800 грамм товуқ гўшти, ток, ялпиз, отқулоқ, шовул, райҳон баргларидан ҳаммаси бўлиб 100 грамм, 2—3 дона лавр япроғи, 200 грамм гуруч ва 150 грамм қаймоқ.

Тайёрланиши:

Товуқ гўштини сувга солиб, қайнатма шўрва каби қайнатасиз. Гўшт пишай деганида гуручни ювиб солинг. Суюқ таом тайёр бўлгач, барча баргларни йирикроқ тўғраб қозонга ташланг ва беш дақиқа қайнатинг. Дармон шўрва косаларга сузилгач, бир қошиқ қаймоқ қўшилиб дастурхонга тортилади.

Саҳарлик учун яна бир фойдали ва тансиқ таом бу қуртобадир.

Қуртова ёки қуртоба — қурутни қайнаган сувда эзиб, айронни қайнатиб тайёрланадиган парҳез тансиқ таомдир. Қурут туйилиб ёки сузма ийлаб эзилиб элакдан ўтказилади ва қайнаган иссиқ сувда ёғоч қошиқ билан аталасимон масса ҳосил бўлгунча аралаштирилади. Қозонга солиб суст оловда бир қайнатиб олинади ва эритилган сариёғ солиб аралаштирилади. Сариёғ эриши билан қозонни оловдан олиб, косаларга сузилади. Ушбу таом ҳам ўзининг тўйимлилиги билан ажралиб туради.