Сабзининг жуда фойдали сабзавот эканлиги барчамизга маълум. Унинг таркибида бир қатор қимматбаҳо моддалар (каротин, ликопин, аскорбин кислотаси, Б, Э, C, К, ПП витаминлар гуруҳи ҳамда бошқа минераллар) мавжуд. У мунтазам истеъмол қилинганда кўриш қобилиятини, ошқозон-ичак тизими фаолиятини яхшилайди, саратон ҳамда юрак хасталикларининг олдини олади.
Қуйида тайёрланиши жуда осонлигига қарамай, хушхўрлиги билан ёдда қолувчи таомлар рецептини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Сабзили пюре-шўрва
Зарур масаллиқлар: 700 грамм сабзи, 500 мл товуқ булёни, 200 мл қаймоқ (20-22 фоизли), 40 мл зайтун ёғи, 4 дона саримсоқ пиёз, 1 бош пиёз, 1 чой қошиқ туз.
Тайёрланиши:
Пиёзни тозалаб, 4 бўлакка бўламиз, сабзини арчиб, йирик бўлакларга ажратамиз. Сабзининг устини қоплагунча ва у юмшоқ бўлиб қайнаб чиқиши учун етарли сув солинган идишга жойлаймиз. Камроқ ёғда пиёз, арпабодиён ва саримсоқ пиёзни қовуриб олиб, сабзи юмшагандан сўнг кастрюлкага соламиз.
Қўл блендерида шўрвани дастлаб секин, сўнгра максимал тезликда пюрега айлантирамиз. Унга булённи қўшиб, аралаштирамиз. Шўрвага қаймоқ қўшиб, аралаштирамиз, қайнаб чиққунга қадар кутиб, дарҳол газ плитасидан оламиз.
Сабзили таомларга ҳар доим қаймоқ, сариёғ ёки сут қўшишга ҳаракат қилинг — шунда ундаги фойдали моддалар яхши ҳазм бўлади.
Сабзили қуймоқ (оладйи)
Керакли маҳсулотлар: 250 мл илиқ сув, 200 грамм буғдой уни, 1 дона ўртача сабзи, 1—2 чой қошиқ шакар, 1 чой қошиқ қуруқ хамиртуруш, туз, ўсимлик ёғи.
Тайёрланиши:
Унни элаб, шакар билан аралаштирамиз, туз ва хамиртуруш қўшамиз, кам-камдан илиқ сув қўшиб, хамир қорамиз. Устини ёпиб, кўтарилиши учун бир соатга қолдирамиз.
Сабзини тозалаб, қирғичнинг майда тишидан чиқарамиз ва кўтарилган хамирга қўшамиз. Товани қиздириб, ёғ соламиз, хамирни бир ош қошиқдан солиб, оладйиларнинг икки томони қизаргунча пиширамиз.
Тайёр оладйиларни қоғоз салфеткалар устига оламиз. Таъбга кўра, устидан шакар ёки шакар пудраси сепиш мумкин.
Манба: Daryo.uz