Ошхона

Ширин кулча

Усти қарс-қурс қиладиган, ичи эса юмшоққина ширин кулчани нонуштага ейишга нима етсин? У ноодатий шаклда — юрак кўринишида бўлса, янада соз!

Зарур масаллиқлар:

ачитқили хамир учун:

  • 1 стакан сут
  • 300—400 г ун
  • 25 г ачитқи
  • 3 та тухум
  • 1 стакан шакар
  • 50 г маргарин
  • 0,5 чой қошиқ туз

хамирнинг ичига суриш учун:

  • шакар
  • маргарин

Хамирнинг устига суриш учун:

тухум

Тайёрланиши:

Аввал ачитқини тайёрлаб оламиз, бунинг учун 1 стакан илиқ сутга 25 г қуруқ ачитқи (дрожжи)ни солиб, эритамиз, 1 ош қошиқ шакар ва бир пиёлача ун соламиз.

20150517_152821

Идишнинг оғзини сочиқ билан ёпиб, илиқ жойга 1—1,5 соатга қўйиб қўямиз. У максимал даражада кўтарилиши керак.

20150517_154524

Энди хамирнинг қолган қисмини тайёрлаймиз. Бунинг учун алоҳида идишда 3 та тухум, 1 стакан шакар ва 0,5 чой қошиқ тузни аралаштирамиз. 50 г маргаринни эса эритиб, совиши учун четга олиб қўямиз.

20150517_154303

Ачитқини тухум ва шакарли аралашмага қўшамиз, устидан ун соламиз. Яхшилаб аралаштиргач, совиган маргаринни ҳам қўшамиз. Хамирни стол устига олиб, қўлга ёпишмайдиган хамир пайдо бўлгунича оз-оздан ун қўшиб қориштираверамиз.

20150517_155232

Сўнг уни идишга қайтариб солиб, сочиқ билан ўраймиз ва илиқ жойда 1,5—2 соатга қолдирамиз.

20150517_155942

Хамир ошгач, ундан оғирлиги тахминан 80 граммлик бўлакчалар кесиб оламиз. Уларни беш дақиқа дам олдирамиз.

20150517_170107 20150517_170632

Ҳар бир бўлакчани 15 см диаметрда ёямиз ҳамда устига эриган маргарин суриб, 1 чой қошиқдан шакар сепамиз.

20150517_171120 20150517_171207

Хамирни шакарли томонини ичкарида қолдириб, рулет қилиб ўраймиз.

20150517_171245

Сўнг уни иккига буклаб, пичоқ ёрдамида қайрилган жойига чуқур кесма туширамиз. Рулетнинг иккига бўлинган қисмини икки томонга очамиз, шунда юракча шакли пайдо бўлади.

20150517_171336Кулчаларни ёғланган листга териб қўямиз. Устига тухум сурамиз. Бунда кулчаларнинг шакарли қатламига тегмасдан, текис қисмига тухум суриш лозим.

20150517_173212

Ширин кулчаларни 180 даражагача қиздирилган духовкада 15—20 дақиқа давомида пиширамиз.

20150517_174939

Пишириқ тайёр. Ёқимли иштаҳа!

20150517_175341