Биласизми?

Chokolate Slim – фирибгарлик маҳсулоти ёхуд ҳамёнингизни бўшатиш бўйича қулай восита!

Шоколад слим (Chokolate Slim) (Slim (инг.) – маъноси: нозик, хушбичим) – озиш учун таклиф қилинаётган навбатдаги фирибгарлик маҳсулоти! Номи бундай эканига қарамай, у ҳеч қандай шоколод эмас, балки оддий какао кукуни асосидаги қуруқ ичиимлик холос. Энг асосийси, у кишининг озишига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди, унинг таркибидаги моддалар алоҳида олинганда ҳам, биргаликда қўлланилганда ҳам, инсон вазнининг камайишига сабаб бўла олмайди.

Chokolate Slim маҳсулоти рекламасининг бу қадар сурбетлигини фақатгина “Суюқ каштан” рекламаси билан солиштириш мумкин холос. Энди бўлса, барчасини тартиб билан кўздан кечирайлик. Сотувчилар томонидан Шоколад Слим истеъмол қилган одам 28 кунда 24 кг гача вазн ташлаши мумкинлиги , бу маҳсулот фақат “табиий маҳсулотлардан” ташкил топганлиги, “Биологик фаол қўшимча” эмаслиги ва “ортиқча вазн муаммосининг сабабини бартараф қилиши” ваъда қилинмоқда. Шунингдек, «москвалик парҳез бўйича мутахассис Евгения Верховцева» бунга кафолат бермоқда. Бунинг имкони бормикин? Бундай саволларга жавобларни Шоколад Слим таркибидан қидириб кўрамиз.

ШОКОЛАД СЛИМ НИМАЛАРДАН ТАШКИЛ ТОПГАН?

Маҳсулот ёрлиғида келтирилган таркиб чиндан ҳам табиий маҳсулотлардан иборат, унда ҳеч қандай бўёқлар, ҳид берувчи воситалар ва ҳатто, юмшатгичлар ҳам мавжуд эмас. Унда фақат резавор мевалар, замбуруғли қўзиқоринлар, бошоқли ўсимликлар, кофе доначалари ва какао кукуни борлиги кўрсатилган. Келинг, унинг ҳар бир такркибий қисмини кўздан кечирайлик:

ГОЖИ РЕЗА МЕВАСИ (ЯГОДЫ ГОДЖИ)

Гожи реза меваси инсон вазнига ҳеч қандай таъсир қилмайди, бошқа мевалардан кўра кўпроқ дармондори (витамин) ва микроэлементларга ҳам эга эмас ва ёғ тўпланишига қарши ҳеч қандай таъсирга эга эмас. Бу шунчаки одамлар истеъмол қиладиган реза мевадир.

АСАИ РЕЗА МЕВАСИ (ЯГОДЫ АСАИ) Бу ҳам инсонлар истеъмол қиладиган реза мева, унчалик ширин эмас. Унинг ватани бўлган Амазонияда ушбу мева хўжағат (малина) ёки крижовник каби истеъмол қилинади. Асаи мевасини бошқа мевалардан устун тарафлари ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Американинг озиқ овқат ва дори-дармонлар бошқармаси (FDA) ҳатто бу севанинг саломатликка зарар келтирмаслигини ҳам тасдиқлагани йўқ. Айтганча, Шоколад Слим сотадиган сайтларда «Асаи реза меваси» деган ёзув тагида оддий голубиканинг расми турибди, Асаи эса бошқача ўсимликдир.

ЧИА УРУҒИ (СЕМЕНА ЧИА)

Қисқача қилиб айтганда, бу бошоқли экин донини кўпроқ Жанубий Америкада инсонлар ва қишлоқ хўжалик ҳайвонлари истеъмол қиладилар. Унинг озишда берадиган самараси исботланмаган, лекин қон қуйилишига қарши дори ичадиган кишиларга Чиа ўсимлиги уруғини истеъмол қилиш тавсия қилинмайди, чунки уларда қон оқиши кузатилиши мумкин.

ЛИНЧЖИ ҚЎЗИҚОРИНИ ЁКИ ГАНОДЕРМА (ГРИБ ЛИНЧЖИ, ОН ЖЕ ГАНОДЕРМА)

Бу ёқимсиз замбуруғли қўзиқорин тури ҳисобланади. Кўп сонли бўлмаса-да, айрим тадқиқлотлар натижаларига кўра, Линчжи қўзиқорини йўғон ичак ва тўғри ичакнинг безарар ўсмаларини (колоректалй аденома) даволашда яхши фойда беради. Шунингдек, бу замбуруғ Гепатит В билан оғриган беморларда жигар фаолиятини яхшилайди. Бугунги кунга қадар ўтказилган барча тадқиқотлар Линчжи қўзиқорини холестирин даражасини пасайтиришини исботламаган. Қон қуйилишига қарши дори ичадиган ҳамда қон ивиши паст бўлган кишиларга бу қўзиқоринни истеъмол қилиш тавсия этилмайди. Бироқ соғлом одамларда ҳам Линчжи истеъмол қилиш бош айланиши, ошқозон-ичак йўлларининг касалланиши ва тери яллиғланишига олиб келиши мумкин. Шунингдек, Линчжи истеъмол қилган кишиларда заҳарланиш кузатилган, улардан бири, ҳатто, ўлим ҳолатигача борган.

ЯШИЛ КОФЕ ДОНИ (ЗЕРНА ЗЕЛЕНОГО КОФЕ)

Бу борада фикрлар чалкаш, чунки, бир томондан баъзи тадқиқотлар яшил кофе экстрактининг вазн ташлашга озроқ таъсир кўрсатишини исботлаган бўлса, бошқа томондан, бу каби вазн ташлаш кишиларда қайт қилиш, уйқусизлик, бош оғриғи, ошқозон касалланиши ва юрак уришининг бузилишига сабаб бўлган. Фақат бу донни ўзида синаган кишиларда ножўя таъсирлар турлича бўлган. Яшил кофе экстрактини истеъмол қилишда инсон организмига бўладиган ижобий таъсирдан кўра, салбий таъсир кўпроқ бўлгани учун ҳам олимлар уни истеъмол қилишни тавсия қилмайдилар. Бироқ Шоколад Слим унинг экстрактини эмас, балки донини қўллашини ҳисобга олсак, уни истеъмол қилишдан унчалик ёмон таъсир қилмайди.

ТАБИИЙ КАКАО (НАТУРАЛЬНОЕ КАКАО)

Одатий ва хуштаъм маҳсулот. У ҳатто фойдадаг холи эмас. Тадқиқотларнинг кўрсатишича (албатта, бу тадқиқотлар “Марс” шоколад компанияси томонидан молиялаштирилган), бир неча йил давомида какаони мунтазам истеъмол қилиш юрак-қон томирлари касалликларининг олдини олишда жуда яхши ёрдам беради. Мустақил тадқиқотларнинг кўрсатишича, қора шоколад ва какаоли маҳсулотларни истеъмол қилиш қон босимини пасайтирар экан. Какаонинг фойдали жиҳатлари ҳақида яна нима дейиш мумкин? Ишончли маълумотлар унчалик кўп эмас. Қора аччиқ шоколодни истеъмол қилиш цирроз билан касалланган беморларнинг жигар фаолиятини яхшилаши ва сурункали ҳолсизлик синдромининг пайдо бўлишини пасайтириши мумкин экан. Бу маълумотлар бугунги кунга қадар қилинган тадқиқотлар натижалари. Какао ва озиш сўзларини бирлаштирувчи ягона нарса, бу – қора аччиқ шоколад ва шакарсиз какао ейиш вазн ошишига олиб келмаслиги холос.

CHOKOLATE SLIM ҲАҚИДА ҲАҚИҚАТ!!!

Кўриб турганингиздек, Шоколад Слимнинг ҳеч бир таркибий қисми инсон вазнига таъсир қила олмайди. Ҳатто, таъсир ўтказган тақдирда ҳам, ҳеч қандай тиббий восита 4 ҳафта ичида 24 кг вазн ташлашга ёрдам бера олмайди. Инсон организми ана шундай тузилган, ҳатто у фақат сув ичиб кун кўрса ҳам, бу муддатда 24 кг нинг ярмигача озиши мумкин холос. Ҳатто онкологик касалликка, қандли диабетга ёки жигар циррозига чалинган беморлар кўрсатилган муддатда ҳам бундан кам вазн ташлайди. Албатта, рекламада “24 кг гача вазн ташланади” деб айтилади ва 1 кг ҳам “24 кг гача” бўлиши мумкин. Балки Шоколад Слим 2-3 килограммга озиш учунгина ёрдам берар? Унинг нархини ҳисобга оладиган бўлсак, бу унчалик яхши қарор эмас. Балки кимгадир чиндан ҳам ёрдам бергандир? Афсус, ўнлаб сайтларни ўрганишимиз натижасида Шоколад Слим ҳақида тузук-қуруқ ижобий фикрни учратмадик. Бу коктейлни сотиб олган бирор харидорда ҳам бир килограмга бўлса-да, озиш кузатилмаган. Сотувчиларнинг сайтларида келтирилган москвалик парҳезшунос шифокор Евгения Верховцеванинг фикрларига нима дейсиз? Афсуски, бу борада ҳам сизни хурсанд қила олмаймиз. Диетолог Евгения Верховцеванинг ўзи бу оламда мавжуд эмас. Сайтларда келтирилган унинг фотосурати эса машҳур расмлар тўпланадиган сайтлардан биридан олинган.

ШОКОЛАД СЛИМ ҲАҚИДА ШИФОКОРЛАР НИМА ДЕЙДИ?

Биз билан суҳбатлашган шифокорларнинг барчаси, агар чиндан ҳам бу шоколаднинг ёзилган таркиби тўғри бўлса ва бу қуруқ ичимлик санитария-гигиена талабларига риоя қилиниб тайёрланган бўлса, бу маҳсулотни истеъмол қилиш, гарчи фойдасиз бўлса-да, хавфли эмас. Бу ичимликни истеъмол қилишдан заҳарланиш ёки салбий таъсир қилиш ҳолатлари ҳам ҳозирча учрагани йўқ. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, биз маслаҳат сўраб мурожаат қилган шифокорларнинг бирортаси ҳам Шоколад Слимни татиб кўришни хоҳламади.

ХУЛОСА ҚИЛГАНДА…

Демак қандай хулосага келдик: эҳтимол, зарарсиз бўлмаган қўзиқоринли турли моддалар қўшилган какао кукуни, икки хил кераксиз, лекин еса бўладиган реза мева ва Амазония бошоқли дони. “Биологик актив қўшимча эмас” деган айёрона ёзув ушбу маҳсулотнинг зарарли эмаслигини англатмайди, балки маҳсулотнинг мажбурий сертификация қилиниши шарт эмаслигидан далолатдир. Шоколад Слим маҳсулотининг мувафиқлик сертификати бор-йўқлигини аниқлашнинг имкони бўлмади. Chokolate Slim ҳақида чин фикр-мулоҳазалар ижобий эмас, бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Гап кимгадир сохта маҳсулот тушиб қолганида ҳам эмас (баъзи манфаатдор изоҳ қолдирувчилар шунақа баҳона қилишни ёқтиришади), ҳамма гап мана шундай таркибга эга маҳсулотнинг самарали бўлмаслигидадир. Демоқчи бўлганмиз, 1000 рубл, 400 гривен, 5000 танга, ёхуд 100.000 сўм тўлаб сиз 100 граммли оддий какао сотиб оласиз, аслида эса унинг нархи 10 баробар арзондир. Энг ачинарлиси, шунча пулга сиз одатий ҳаётингизни ўзгартирмай туриб озиш мумкинлиги ҳақидаги умидни сотиб оласиз. Фақат умид билан озиш мумкинмикин? Афсусларким, бунинг ҳечам иложи йўқ.

Манба: Maslahatim.uz