Дунёда ҳар йили ярим миллион инсон чекувчига айланмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, бугунги кунда дунёда 1,3 миллиарддан ортиқ киши кашандаликка ружу қўйган ва ҳар йили ушбу иллат келтириб чиқарадиган касалликлар туфайли беш миллиондан зиёд одам ҳаётдан кўз юммоқда, деб ёзади Sof.uz.
Шифокорларнинг таъкидлашича, тамаки тутуни таркибида организмга турлича таъсир кўрсатувчи кўпгина ингридиентлар мавжуд. Қатрон (смола) ва углерод оксиди — асосий патоген омиллардир. Қатрон ҳиқилдоқ, ўпка раки ва бошқа ўпка касалликлари ривожланишига сабабчи бўлади. Углерод оксиди қоннинг кислород ташувчанлик хусусиятини пасайтиради, тўқималарга кислород келишини издан чиқаради ва чекиш билан боғлиқ юрак касалликларининг ривожланишига олиб келади.
Тиббий хулосаларга кўра, чекувчи аёллар эркакларга қараганда тамакидан икки баробар кўп зарарланади. Бунга аёлнинг нозик хилқат, бўлғуси она экани асосий сабабдир. Сигарет аёлнинг ҳуснига салбий таъсир қилади. Репродуктив тизимлар фаолиятига жиддий зарар етказади. Шу боис бундай оналарда ҳомила тушиш ҳолатлари кўп кузатилади, туғилган болалар хаста ва нимжон бўлади.