Маданият

Сочим ипакдек майин бўсин, десангиз...

Аёлнинг энг гўзал зийнати жилокор ва майин сочларидир. Бунга эришиш учун эса анча маблағу вақтимизни сарфлашга тайёрмиз. Бироқ соч чинданам кўзни қувонтириши учун кўп нарса керак эмас. Доимий парвариш бўлса кифоя. Қуруқ ва синувчан сочлар парвариши борасидаги тавсияларни стилист Фарангиз АВЕЗОВАдан эшитамиз.

Нимага сочлар қуруқлашади?

Келинг, биринчи навбатда соч нима сабабдан ҳашакдек қуруқ кўринишга келишини ўрганиб чиқсак. Аслида, ҳаммаси жуда оддий. Агар микроскоп остида текширилса, соч толаси тангани эслатувчи қисмчалардан иборатлигини кўриш мумкин. Бош териси маълум миқдорда ёғ ишлаб чиқариши ҳисобига майда тангачалар бир-бирига жипслашиб, ёпишиб туради. Соғлом инсонда мана шу ёғ сочнинг майин ва ялтироқлигини таъминлайди. Организмнинг хасталиклари ёки қуёш ва иссиқлик таъсирида табиий ёғ ишлаб чиқарилиши камайганида эса тангачалар қуруқлашиб, синувчан кўринишга келади. Агар бош терисида ёғ айланиши ёмонлашганини сезсангиз, трихолог шифокорга мурожаат қилиб, унинг тавсияси асосида балиқ мойидан истеъмол қилишингиз мумкин.

Фен ва дазмолдан воз кечинг, демаймиз

Соч толасининг 20 фоизи сувдан иборат бўлиб, ташқи таъсирлар, офтоб нури, фен, плойка ёки соч дазмоли шу сувнинг парланиб кетишига олиб келади. Натижада яна ўша тангачалар «тўполон» қилишни бошлашади. Уларни «тинчлантириш» учун эса махсус иссиқликдан ҳимояловчи спрей ва кўпиклар ишлаб чиқарилган. Термо ҳимоя таркибидаги силикон соч толасини қоплаб, плёнка ҳосил қилади. Шу плёнка иссиқлик таъсирида толадаги сув парланиб кетишининг олдини олади. Демак, воситани нам сочга сепиб, бутун узунлик бўлаб бир текисда тақсимлаш лозим. Шундан кейингина фен ёки дазмолдан фойдаланаверасиз.

Жилокорлик сири — ламинация!

Сочни жилокор қилишнинг уй шароитидаги энг самарали усуллардан бири эса мойчечак дамламаси ҳисобланади. Бошингизни ювишдан аввал дамламани тайёрлаб қўясиз-да, сочни шампундан тозалаб олгач чаясиз. Натижадан мамнун бўлишингиз аниқ. Бундан ташқари уй шароитида ламинацияласангиз ҳам бўлади. Елкагача узунликдаги соч учун бир ош қошиқ желатинни 3 ош қошиқ илиқ сув билан яхшилаб аралаштирасиз ва ярим соатга қолдирасиз. Кейин ўзингиз фойдаланадиган соч учун бальзамдан ҳам 1 ош қошиқ аралашитириб, тозалаб ювилган нам сочларга суртасиз. Полиэтилен қалпоқчани кийиб, беш дақиқа феннинг ўртача иссиқлигида қиздириб оласиз. Полиэтилен қалпоқчанинг устидан рўмол ўраб 40-50 дақиқага қолдирасиз. Ниқобни ювиб, сочни қуритасиз-да, натижадан баҳраманд бўласиз.

Спирт сақловчи воситалар

Тезда улардан халос бўлишнинг ҳаракатини қилинг. Спирт асосан соч учун лак ва турли спрейлар такибида учрайди. Шунинг учун лакнинг ўрнига гель ёки кўпик кўринишидаги воситалардан фойдаланиш ҳақида ўйлаб кўринг. Ва албатта харид жараёнида ёрлиқларга ҳам кўз қирингизни ташлаш ёддан кўтарилмасин.

Кундалик парвариш учун бальзамлар

Юқорида бош терисининг табиий ёғ қатлами ҳақида гаплашдик. Ўша ёғнинг миқдори етарли бўлмаганида турли воситалар билан сочни текислаш ва жилолантириб бориш лозим. Бунда сизга айниқса бальзамлар қўл келади. Дўкон расталарида кўпдан-кўп бальзамларга кўзингиз тушади. Танлов чоғи чайиш учун мўлжалланганлари (ополаскиватель) сочни жилолантиришини, кондиционер эса ҳажм беришини инобатга олинг. Уларнинг қай тури сочларингизга мос келишини эса синовлар йўли билан аниқлайсиз. Яна бир муҳим қоида: бальзамни соч илдизига эмас, фақатгина узунлик бўйлаб суртиш талаб этилади. Акс ҳолда, улар кирлангандек таассурот уйғотади. Қўшимчасига дорихонадан капсула кўринишадаги А, В6 ва С витаминларини харид қилиб, бальзамга қўшиб фойдалансангиз натижа янада мустаҳкамланади.

Манба: Darakchi.uz