Саломатлик

Соғлик ва ёшликни сақлашга ёрдам берувчи 10 та одат

Бизнинг одатларимиз бу иккинчи феъл-атворимиз, табиатимиздир. Айнан улар бизнинг кекса ёшда қанчалик соғлом бўлишимизни белгилаб беради. Бу нафақат жисмоний соғлик, балки ақлий фаолият, руҳий ҳолат ва гўзалликка ҳам дахлдордир.

Одатларни ҳар қандай ёшда ўзгартирса бўлади, лекин ёшликдан тўғри одатларни ишлаб чиқиш албатта яхшироқ.

Қуйида диетологлар, шифокорлар ва психологларнинг фикрига кўра, энг соғлом одатларнинг рўйхатини келтириб ўтамиз.

  1. Тишларингизни мунтазам ювинг

Америкалик тадқиқотчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, эрталаб ва кечқурун мунтазам равишда тишларни ювиш, умрни 6 йилга узайтириш имконини беради. Тишларни тозалаш умрнинг давомийлиги билан тўғридан-тўғри боғлиқ экан. Бунга шундай изоҳ бериш мумкин. Тишдаги тошларни юзага келтирувчи бактерияларнинг сони кўп бўлса, улар қонга тушиб, қон томирларини бекитиб қўяди, натижада юрак касалликларини юзага келтиради.

  1. Танишлар орттиринг ва ўзингиз учун севимли машғулот топинг

Жамоатчилик фаолиятининг қайси тури билан шуғулланманг, у нафақат ақлий, балки жисмоний барқарорлик ва соғлик учун ҳам фойдалидир. Турли курсларга ёзилинг, тренингларда иштирок этинг - булар мулоқот доирасини кенгайтириш учун зарур. Бундай фаолият ақлий фаоллик ва серотониннинг зарурий миқдори билан таъминлашга ёрдам беради.

Вақтни мароқли ўтказиш учун мўлжалланган ҳар қандай машғулот кишининг ҳордиқ чиқаришига ёрдам беради. Фақат бундай машғулотлар сафига компьютер ўйинларини киритманг.

  1. Эрталаб нонушта қилинг

Эрталаб нонушта қилишга одатланган одам кўпроқ минерал ва витаминлар ҳамда камроқ ёғ ва холестерин қабул қилади. Натижада улар яхши кўринишга эга бўлади, шунингдек, ўзини тетик ҳис қилади. Бунда нонушта таркибида оқсил, углевод ва камроқ ёғлар бўлиши тавсия этилади.

nonushta

Америкалик диетологларнинг фикрича, ҳар куни эрталаб нонушта қилиш семириб кетиш ва қанд касаллигининг олдини олади.

  1. Уйқунинг етарли бўлиши

Баъзан тўйиб ухлаш учун вақт етмаслиги мумкин, бироқ шуни унутмаслик керакки, етарлича ухлаб, дам олган одам уйқуга тўймаган одамга қараганда кўпроқ ишга улгуради. Соғлик ва гўзаллик уйқу миқдорига тўғридан-тўғри боғлиқдир.

  1. Жисмоний машқлар бажаринг, сайр қилинг ва ҳаракатда бўлинг

Ҳар куни кўпроқ ҳаракатланиш лозим. Шифокорларнинг кузатишларига қараганда, ҳар куни ҳеч бўлмаганда 30 дақиқа пиёда юрган одам эрта ўлимнинг олдини олади. Аслида кўпроқ ҳаракатланиш учун ҳар бир кишининг имконияти мавжуд. Масалан, дўконга машинада эмас, пиёда бориш, юқорига чиқишда лифтдан эмас, зинадан фойдаланиш, дўстлар билан учрашиш учун кафе эмас, хиёбонни танлаш.

  1. Мунтазам равишда балиқ истеъмол қилинг

Ҳафтасига икки марта балиқ ейиш тавсия этилади. Бунда балиқнинг таркибида ёғ кислоталари бўлиши лозим. Балиқнинг фойдали хусусиятлари шундаки, у оқсилнинг манбаси ҳисобланади, қолаверса, унда организм учун зарарли бўлган тўйинган ёғларнинг миқдори жуда кам.

baliq1

Ундаги ёғ кислоталари юрак касалликларининг юзага келиш хавфини қисқартиради, аллергияни сусайтиради.

  1. Кўпроқ сув ва чой ичинг

Сув ортиқча вазндан қутулишга ёрдам беради. Чой эса хотирани яхшилайди, кўплаб касалликлар ривожланишининг олдини олади.

  1. Фойдали маҳсулотлар билан тамадди қилинг

Конфет, фаст-фуд ва пишириқлар билан тамадди қилишнинг ўрнига сабзавотлар ва меваларни тамадди қилишга одатланинг. Уларни ҳар куни истеъмол қилиш организмнинг қариш жараёнини секинлаштиради, юрак ва иммунитетни мустаҳкамлайди, хотирани яхшилаб, кўплаб касалликларга чалиниш хавфини камайтиради.

  1. Уйингиз ҳавосини мунтазам равишда алмаштириб туринг

Замонавий қурилиш материалларининг деярли барчаси, турли ювиш воситалари, лак, краскалар ҳамда дори воситалари яшаш ҳудудининг ҳавосини ифлослантиради. Улардан тарқалувчи турли моддалар, масалан, бензол инсон учун жуда зарарлидир. Янги мебел, янги гилам қопламалари, пластик бу каби моддаларни кўп чиқаради.

Уй ҳавосини тозалаш ва уни кислород билан бойитишнинг энг оддий усули - деразаларни очиш орқали хонани шамоллатиб туришдир.

  1. Режалаштириш мумкин бўлган ишларнинг барчасини режалаштиринг

Режалаштириш одат тусига айланиши ва ҳаётнинг барча жабҳасида қўлланиши лозим. Бу билан сиз нафақат ишларингизни тартибга солиш, балки анчагина вақтингизни тежай олишингиз мумкин.

Соғлом овқатланиш тарзи, ҳаёт тарзи ва гўзаллик - буларнинг ҳеч бири ўз-ўзидан юзага келмайди. Улар одатга айланиши учун ҳаракатларингизни режалаштиришингиз керак бўлади.

Ҳар куни эртанги кун учун режа тузинг!

Мақолани тайёрлашда "1000 секретов" сайти маълумотларидан фойдаланилди.