Қишда ҳар қандай инсон таомларни иссиқ ҳолда тановул қилишни истайди. Аммо истеъмол қиладиганингиз ўта иссиқ бўлмаслиги керак. Чунки тана уни совитиш учун қувват сарфлайди. Овқатлар ҳарорати 40-50 даража бўлса, ҳам тана исинади, ҳам ошқозон шиллиқ пардаси жароҳатланмайди.
Шунингдек, қиш кунларида кўпроқ бўтқа енг, қуритилган мевалар компоти ва гиёҳли чойлар ичинг. Шўрваларга нўхат, ловия каби дуккакли маҳсулотлардан қўшинг. Қиш кунларида иложи борича камроқ қаҳва ичинг.
Сабзавот
Кундалик таомномангизда қайнатиб пиширилган сабзавотлар бўлиши шарт. Лавлаги, шолғом, қовоқни ҳам қайнатиб, ҳам газ печида димлаб пишириш мумкин. Тановули осон бўлишини истасангиз, улардан турли салатлар тайёрланг. Шунингдек, бирор мева ёки сабзавот шарбатини сиқиб ичишдан ҳам эринманг.
Сутли маҳсулотлар
Нонуштага юмшоқ, оппоқ нон эмас, қора нон билан пишлоқ ёки бошқа сутли маҳсулот тановул қилинг. Нон ва пишлоқ ўрнига сули ёки гречихадан бўтқа тайёрлаб есангиз ҳам бўлади.
Салат барги
Кўпроқ дастурхон ва салат безаклари учун ишлатилган бу кўкат А ҳамда С витаминлари, кальцийга бой бўлиб, организмда модда алмашинувини яхшилайди, суякларни мустаҳкамлайди. Имкон қадар қиш мавсумида дастурхонингизда мунтазам равишда салат барги бўлсин.
Анор
Бу маржон мева С, А, Е витаминлари, фолий кислотаси ҳамда клетчаткага бой. Тадқиқотлардан маълумки, доимий равишда анор истеъмол қилган инсонларнинг тиши ва суяклари бақувват бўлади, юрак-қон томир фаолияти яхшиланади. Бу мевани айниқса, ҳомиладорлар кўпроқ истеъмол қилса, фойдали.
Сабзи
Эмизувчи оналар қиш палласида сабзи шарбати ичишни канда қилмасалар, сут миқдори камайиб кетмайди. Аммо шарбатга бир неча томчи ўсимлик ёғи қўшиб юбориш лозимлигини унутманг.
Манба: «SUG‘DIYONA» газетаси