Тўғри овқатланишнинг муҳимлигини англаб етиш билан бирга одам организмида бутун ҳаёти давомида икки жараён боришини англаб олиш муҳим. Биринчи жараён бу вақт ўтиши билан суяк тўқималарининг бузилиб бориши бўлса, иккинчиси янги суяк тўқималарининг қайта тикланишидир. Афсуски, ёш улғайиши билан бузилиш жараёни унинг синтез жараёнидан илгарилаб кетади. 30 ёшдан бошлаб ҳар йили одам суяк тўқималарининг бир фоизни йўқотиб боради. Шу сабабдан ҳам рационни суякларни озиқлантирувчи маҳсулотлар билан бойитиб бориш лозим.
Албатта суякларнинг соғлом бўлишини жисмоний фаолликсиз тасаввур қилиш қийин. Бироқ спорт машғулотларидан ташқари тўғри овқатланиш қоидаларига ҳам риоя этиш лозим. Суяк тўқимасининг мўртлиги ривожланмаслиги учун рационни калций билан бойитиш лозим.
Калций — нафақат суяклар мустаҳкамлигини сақлаш имконияти, балки ички органларни ҳимоя қилиш воситасидир. Шуни таъкидлаш лозимки, калцийни сутли маҳсулотлардан ташқарида ҳам топиш мумкин.
Суяклар учун фойдали маҳсулотлар
- Суяк тизимига буғдой дони, гречка, сули, маккажўхори ва гуруч ҳам сўзсиз фойда келтиради.
- Рационни яшил ловия, сабзи, исмалоқ, пиёз, карам, кабачка, бодринг, ширин қалампир ва помидор билан бойитиш лозим.
- Шунингдек, суякларга дуккакли ўсимликлар ҳам катта фойда келтиради. Ловия, нўхат ва ясмиқ кабиларни истеъмол қилиш даркор.
- Писта ва ёнғоқларга ҳам эътиборли бўлиш тавсия этилади. Айниқса, қовоқ уруғи, кунгабоқар ва кунжут уруғи жуда фойдалидир.
- Сутли маҳсулотлар ҳақида сўз юритганда, шуни таъкидлаб ўтиш керакки, улардан ёғлилик даражаси пасайтирилган турларини истеъмол қилиш мақсадга мувофиқдир. Улар ҳам организмда суяк тўқимасини шакллантирувчи микроэлементларга бой ҳисобланади.
- Нафақат балиқ ёғи, балки ёғли балиқлар ҳам биз истеъмол қилган калцийни фаоллаштириб, янги суяк тўқималари синтезини юзага келтирувчи қимматбаҳо Д витаминига бойдир.
Суяклар учун калий
Суяклар соғломлиги учун нафақат калций, балки калий ҳам муҳим саналади. У калцийнинг суяклардан ювилиб кетишига йўл қўймайди, ҳамда уларни мустаҳкам қилади. Ушбу микроэлементни исмалоқ ва қўзиқорин, балиқ, картошка каби маҳсулотлар таркибидан топиш мумкин.
Суяклар учун хавфли маҳсулотлар
Суяклар учун энг хавфли маҳсулотларга шўр таомлар, таркибида фосфор кислотаси мавжуд бўлган газли ичимликлар, таркибида спирт мавжуд бўлган ичимликларни киритиш мумкин. Кўп миқдорда ичилганда қаҳва ҳам суякларга салбий таъсир қилади.
Мақолани тайёрлашда интернет манбаларидан фойдаланилди.