Аввал хабар қилинганидек, жорий йилдан Ўзбекистонда илк бор ОТМга кириш кириш имтиҳонлари UZDIGITAL TV телеканаллари тармоғи орқали, шунингдек, www.test2018.uz сайтида тўғридан-тўғри олиб узатилмоқда.
Имтиҳон жараёнларининг очиқ-ошкоралигини таъминлаш учун техник масъул давлат органи сифатида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан 1300 дан зиёд видеокузатув тизимига уланган камералар, республика миқёсида ташкил қилинган 62 та кутиш павильонида мониторлар фаолияти йўлга қўйилган.
Объектлар ичкарисида ўрнатилган кузатув тизими натижасида кўчирма материаллар, турли электрон алоқа воситалари, “Master Card” микро аудио-қулоқчинларидан фойдаланишга уринган абитуриентлар имтиҳондан четлатилди.
Биринчи маротаба имтиҳонларни ёзиб олиш амалиёти жорий қилиниб, давлат тест маркази мутасаддилари тест жараёнларини қайта кўриб чиқади ва қоида бузганлиги аниқланган абитуриентларнинг натижаларини бекор қилиш чораларини кўради. Бу ҳақда вазирлик хабарига таяниб “Халқ сўзи” маълум қилади.
Тест имтиҳонларида очиқ-ошкораликни таъминлашда ахборот-коммуникация технологияларидан йирик қамровда кенг фойдаланиш илк маротаба жорий қилингани боис, кичик техник носозликлар ҳам кузатилди.
Мониторинг натижаларига кўра, пойтахтимизда жойлашган “Ўзэкспомарказ” мажмуасида ўтказилган имтиҳон жараёнларини махсус экранларга олиб узатиш жараёнида узилишлар ва хатоликлар зудлик билан бартараф қилинган.
Шу билан бирга, электр энергиясининг беқарорлиги натижасида Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Самарқанд, Сурхондарё, Жиззах, Фарғона вилоятларида,Тошкент шаҳридаги намойишларда қисқа носозликларни келтириб чиқарган. Худди шу омил “Ёшлик” (Тошкент шаҳри) объектида ўтаётган имтиҳонларни олиб узатаётган 2 та айланма камера фаолиятини ишдан чиқарган.
Самарқанд вилоятида абитуриентларнинг юз-қиёфасини текширувдан ўтказувчи камера фаолиятида қисқа носозлик кузатилган ва муаммо тезда бартараф қилинган.
Айтиш жоизки, куннинг иккинчи ярмида ташкил қилинган имтиҳонларнинг иккинчи қисмида имтиҳонлар ўтказилаётган барча объект ва биноларда кузатув тизими маромидагидек ишлаган, узилиш ва носозликлар кузатилмаган.