Ўсмир ёшли қизимнинг тили эрталаблари оқиш ранг билан қопланиб қолаяпти. Ошқозон-ичакларида муаммо йўқ. Иштаҳаси яхши, уйқуси ҳам. Тил рангининг ўзгариши нима билан боғлиқ бўлиши мумкин?
Жамила Раҳимова, Жиззах вилояти
Деярли барчамизда эрталаблари тил юзаси оқариб қолади. Бу тун бўйи фаол бактерияларнинг тил юзасида тўпланиб қолишининг аломатидир. Уйқудан уйғонгач, оғиздан нохуш ҳид келиши ҳам шундан. Тишлар тозалангач, ёқимсиз ҳид бартараф этилади. Тилдаги оқимтир карашнинг бошқа сабаблари ҳам йўқ эмас, булар: тил аъзосининг зарарланиши, дори воситаларининг таъсири, ички органлар касаллиги, инфекциялар, гиповитаминоз, дисбактериоз ҳамда ошқозон-ичак тизими бузилишларидир. Тил юзасининг ўзгариши карболол кислотаси, антибиотиклар, сульфаниламидлар, тиш ювиш пасталарининг таркибига кирган эвкалипт ва анис мойлари таъсирида ҳам келиб чиқиши мумкин.
Агар тил юзасидаги оқиш караш қалин, оқиш – оч жигарранг тусда бўлиб, тил атрофига ҳам тарқалса гастритга тахмин қилинади. Ушбу ҳолатда оғиз қуруши ҳам кузатилиши мумкин. Меъда-ичаклар фаолиятидаги ўзгаришларда тил юзасидаги караш оқиш думалоқ кўринишдаги майда доғчалар билан акс этади. Панкреатит белгиси тил устининг сарғимтир рангга кириши билан характерланади.
Қизингизни гастроэнтеролог шифокор кўригига олиб боринг, керакли текширувлар ўтказилгач, муаммо нимада эканлиги аниқланади.
Манба: Darakchi.uz