Тожикистон Маданият вазирлиги аёлларга тиззасидан 15-20 сантиметр паст бўлган кийимларни кийиш, ундан калтасини киймасликни тавсия қилди. Вазирлик чоп этган "Тожикиситонда кийиниш бўйича тавсиялар" номли китобда аёлларнинг европача кийимларни кийиши тақиқланмаслиги айтилган.
Аммо мини-юпка, декольте, қорни очиқ ёки юпқа матодан тикилган кўйлаклар, қора рангдаги кийимлар тавсия қилинмайдиган либослар рўйхатига тиркалган.
Вазирлик дизайнерлари, улар тавсия қилаётган тиззадан 15-20 сентиметр пастга тушиб турувчи кийимлар барча ёшдаги аёлларга яхши ярашишини таъкидламоқдлар.
Тожикистон Маданият вазири Шамсиддин Орумбекзода шу йилнинг февраль ойида тожикистонлик эркаклар учун ҳам миллий либос намуналари тайёр бўлаётгани борасида хабар берганди.
2014 йили Тожикистонда “Оналар куни” сифатида нишонланадиган 8 март байрамида фаоллар билан учрашган президент Раҳмон мамлакат шаҳар ва қишлоқларида “тожик маданияти ҳамда анъаналарига зид равишда” қора кийим кийиб юрган тожик аёллари пайдо бўлганидан ташвиш билдирган.
2017 йилда мамлакат Диний қўмитаси азада қора кийишни ҳам тақиқлаб¸ тожикистонликларга мотам маросимларида ота-боболаридан қолган кўк чопон кийишни тавсия қилганди.