Деярли ҳар бир аёлнинг кийим шкафида ҳали бирон марта ҳам кийилмаган камида бир-икки жуфт оёқ кийими сақланиб туради. Чунки бу оёқ кийим оёғингизни чидаб бўлмас даражада қисади ва қандай қилиб уни сотиб олганингизга ўзингиз ҳам ҳайрон қоласиз.
Лекин бу унчалик катта муаммо эмас. Оёқ кийимини бироз кенгайтиришга уриниб кўришнинг имкони бор.
Бу муаммони мустақил равишда уйдан ташқарига чиқмасдан бартараф қилишга ёрдам берадиган бир нечта маслаҳатларни тўпладик:
- Агар оёқ кийими бироз қисаётган бўлса, оёққа ҳўл пайпоқ кийиб, хоналар бўйлаб бу пойабзалда юриш кифоя қилади. Бу бир неча марта такрорланса, мақсадга мувофиқ бўлади. Шунингдек бу оёқ кийимини иссиқ фен билан қуритиш тавсия қилинади.
- Оёқ кийимини кенгайтириш учун музлатиш усулидан ҳам фойдаланилади. Туфлининг ичига олдиндан целлофан пакетлар жойланади ва унга тўлдириб сув солинади. Кейин музлатгичга қўйилади. Оёқ кийимини унинг ичида 10 соатдан ортиқ ушлаб туриш тавсия қилинади, чунки бу вақт ичида сув музга айланади ва уни бир-икки сантиметрга кенгайтиради.
- Сувни ёрма билан алмаштириш мумкин. Ёрмага сув қуйиш ва у тўлиқ шишгунча қолдириш зарур. Бу усул ҳам туфлингизга қўшимча размер қўшишга имкон беради.
- Ёрмани олдиндан ғижимланган ва ҳўлланган қоғоз билан алмаштириш мумкин. Ҳўл қоғозни пойабзал ичида у тўлиқ қуригунча қолдириш ёки музлатгич ичига қўйиш керак.
- Оёқ кийимини кенгайтириш учун спиртли эритмалардан фойдаланиш мумкин. Ароқ ёки атирни сув билан тенг миқдорда аралаштириш ва бу эритма билан пойабзал ичидаги муаммоли жойларга ёки ҳамма жойига суриш керак. Кейин эса бу оёқ кийимини ҳўл пайпоқ билан бирга кийиш ва хоналар бўйлаб бир неча соат давомида юриш керак.
Шунингдек тор оёқ кийими билан курашишда сизда ҳар доим энг охирги ва энг иш берадиган усул – янги оёқ кийими сотиб олиш мумкинлигини унутманг!
Манба: Daryo.uz