Маданият

Товон ёрилишига қарши тадбирлар

Танамизнинг ҳар қандай аъзоси каби товонларга ҳам алоҳида эътибор керак. Ноқулай пойабзал кийиш, терисининг ҳаддан ташқари қуриб кетиши ёки сувда (захда) кўп юриш товон ёрилши мумкин.

Тўғри, товон ёрилиши инсон ҳаётига хавф солмайди, лекин ташқаридан қараганда, жуда хунук кўринади. Қолаверса, агар кишининг тана вазни ортиқча бўлса, ёрилган товонлар оғриқ бериши, ачишиши мумкин.

Хўш, товон ёрилишига қарши қандай чораларни қўллаш мумкин?

— Алой баргининг ичидаги шиллиғини ёрилган товонга чаплаб, боғлаб олиш товон ёрилишида ёрдам беради.

— Тоғорадаги иссиқ сувга (35-36 даражада) ичимлик содаси (1 литрга 1 ош қошиқ) ёки мойчечак дамламаси (1 литрга 3 ош қошиқ) қўшиб, шу сувга оёқларингизни солиб ўтиринг (10-15 дақиқа). Агар товонингиз терисида шилинган жойлар ҳам бўлса, ошловчи ва микробсизлантирувчи моддалар – тирноқгул дамламаси (1 литрга 1 ош қошиқ) ёки марганцовканинг нимтатир эритмасини қўшасиз. 20-30 дақиқадан сўнг оёқни артиб қуритасиз ва вазелин ёки глицерин суртасиз. Қўлингиз кафти билан оёқ бармоқларидан товонга томон оҳиста силанг, товондаги қон айланиши яхшиланади.

— Кечаси иссиқ сувга туз ва сода солиб, оёғингизни буғланг. Сўнг жилвиртош (пемза) билан тозалаб, 3 фоизли тетрациклин дорисини суртиб қўйинг. Устидан полиэтилен халта кийиб, ухлашга ётинг. Эрталаб оёғингизни илиқ сувда совунлаб ювинг. Ёрилган жойлар оғримайди. Агар ёриқлар битмаган бўлса, ярим сантиметр қалинликдаги докани олма сиркасига намлаб, товонингизга яхшилаб боғлаб қўйинг. Устидан полиэтилен халта ўраб, пайпоқ кийиб олинг. Эрталаб юмшаган териларни пемза билан тозалайсиз. Ушбу муолажани 2-3 марта такрорласангиз, товонингиз тузалиб, силиқлашади. Қотиб кетган тирноқларга ҳам олма сиркасини боғлаб қўйсангиз, эртасига уларни кесиш осонлашади.

—3 литр тозаланмаган кунгабоқар ёғини темир челакка қуйиб, оловда қиздиринг. Тутуни чиққач, оловни ўчирасиз. Ёғ илигач, ўнг оёғингизни солиб ўтиринг. Ёғ совиб қолгач, муолажа ниҳоясига етади. Эртаси куни худди шу тарзда қиздирилган ёғга чап оёғингизни солиб ўтирасиз. Муолажани ҳар бир оёқда уч мартадан такрорлайсиз. Шунда товон пихлари сизни умуман безовта қилмай қўяди. Ёғнинг сал илишини кутинг, акс ҳолда оёғингизни куйдириб қўйишингиз мумкин.

— Битта хом тухум ва 1 ош қошиқ ўсимлик ёғини яхшилаб аралаштиргач, 1 ош қошиқ сирка эссенциясини қўшинг. Обдон қўзғагач, идиш оғзини полиэтилен халта билан беркитинг. Кечаси товонларингизга суртиб, ип газламадан тикилган пайпоқ кийиб ётинг. 5 та муолажадан сўнг пих нималигини унутасиз.

Ушбу суртмани оғриётган тиззанизга ҳам суртсангиз, аҳволингиз анча яхшиланади. Фақат қаттиқ суркаманг, акс ҳолда куйдириб куйишиз мумкин.