Норвегиянинг Берген университети олимлари 6000 кишида ўтказган тадқиқот натижаларига асосланиб кимёвий тозалаш воситалари ҳидидан эркакларга нисбатан аёллар кўпроқ зиён кўрмоқда, деган ҳулосага келди.
Олимлар кимёвий тозалаш воситаларининг инсон саломатлигига салбий таъсирини камайтириш учун аксар ҳолларда уй тозалаш учун микротолали мато ва тоза сувнинг ўзи етарли, демоқда.
БиБиСи нашрида чоп этилган мақолада британиялик шифокорлар одамларга хоналарни мунтазам шамоллатиб туришни ва уй тозалаш учун пуркаладиган кимёвий воситалар ўрнига суюқ воситалардан фойдаланишни маслаҳат бермоқда.
Американинг “Нафас органи касалликлари ва жонлантириш тиббиёти” журналида чоп этилган мақолада тозалаш воситаларининг 20 йил давомида катталар саломатлигига таъсирини ўрганган мутахассислар хулосалари баён қилинган.
“Одам ўпкасининг қанчалар соғлом эканини билиш, ўпка қанча миқдорда ҳавони куч билан сиқиб чиқара олиши билан ўлчанади. Йиллар давомида тозалаш ишлари билан мунтазам шуғулланиб келган аёлларнинг ўпкалари вақт ўтган сари камроқ миқдорда ҳаво сиқиб чиқара бошлайди”, - дейилади тадқиқот хулосасида.
Тадқиқот муаллифларига кўра, тозалаш воситалари таркибидаги кимёвий моддалар ўпканинг шиллиқ мембраналарини қизартириб, узоқ муддатда ўпка фаолиятига салбий таъсир этади.
Эркаклар орасида ўтказилган текширув натижаларига кўра, тозалаш ишлари билан шуғулланган ва шуғулланмаган эркакларнинг ўпкасида катта фарқ кузатилмаган.
Британиядаги Ўпка касалликлари бўйича марказ ходими Сара Мак Фадйен фикрича, ҳар қандай ифлосланган ҳаводан нафас олиш шубҳасиз, саломатликка, айниқса, ўпка хасталикларига чалинган одамлар соғлигига кўпроқ салбий таъсир этади.
“Ушбу тадқиқот, нафас олаётганимиз ҳавонинг ифлосланиши турли манбалар жумладан, хона ичида қўллайдиганимиз ҳар хил бўёқлардан, кимёвий тозалаш воситаларидан келиб чиқишини кўрсатди. Агар хонани тез-тез шамоллатиб турсак, пуркаладиган кимёвий тозалаш воситалари ўрнига суюқ воситалардан фойдалансак, газ плита ва иситиш печкалари соз ишласа, кунда фойдаланиладиган маҳсулотларнинг ўпкага салбий таъсирини камайтирган бўламиз”, - дейди британиялик олим.
Манба: Darakchi.uz