Ҳаётдаги ҳамроҳингизни учратдингиз, бахтдан сармастсиз, аммо аниқ бир қарорга келишдан аввал қуйидаги саволларга жавоб беринг ва турмуш қуришга қанчалик тайёр эканингизни билиб олинг!
1. Айнан қайси жиҳати учун уни ўзингизга ёр этиб сайладингиз?
а) Ташқи кўриниши, ўзини тутиши — 3;
б) Ишонч уйғота олиш хусусияти — 5;
с) Шунчаки, турмуш қуриш вақти етиб қолди, очиғи, ундан яхшироғини топишимга ишонмайман — 4.
2. Муносабатларингизни мустаҳкамлаш учун қандай усуллардан фойдаланасиз?
а) Унинг хузурида ўзимни эркин, кўнгилчан тутаман — 4;
б) Кўнглига ғул-ғула солиб, ширин сўзу ишвалар қиламан — 3;
с) Ақлу фаросатим, самимий қизиқишим орқали — 5.
3. У билан учрашишдан аввал нималарни ҳис қиласиз?
а) Бироз ҳаяжон «қачон кўришарканмиз...» деган орзу пайдо бўлади — 5;
б) Мени кутадиган, фақат мен ҳақимда ўйлайдиган одам борлигидан хурсанд бўламан — 4;
с) Ҳар бир учрашувимиз ранг-баранг, турли қизиқарли воқеаларга бой бўлишини истайман — 3.
4. Турмушга чиқишдан мақсадингиз?
а) Ўзаро муҳаббат, оилавий хотиржамлик ва мустаҳкам туйғуларни истайман — 5;
б) Молиявий ҳолатимни тиклаб олиш, ота-онам қарамоғидан қутулиш учун — 3;
с) Мақсадим, фақат битта — ёлғизликдан халос бўлиш — 4.
5. Оилавий мажбуриятларни бўйнингизга олишга тайёрмисиз?
а) Оилавий ташвишлардан мутлақо йироқ бўлишни истайман — 3;
б) Бошиданоқ ҳар ким ўз вазифасини келишиб олиши даркор — 4;
с) Албатта, бу менинг аёллик бурчим — 5.
6. Келгусида ошхона юмушлари билан доимий шуғулланишга нима дейсиз?
а) Албатта, ошпазликнинг сир-асрорларини ўрганишга тайёрман — 5;
б) Ўзимни уй бекаси сифатида тасаввур қилолмайман — 3;
с) Баъзида шоҳона дастурхон тузашим мумкин, лекин бунинг учун ташқаридан егулик келтириш ҳам мумкин — 4.
7. Ўзингизга нисбатан талабчанмисиз?
а) Ҳаддан ортиқ — 5;
б) Баъзида — 4;
с) Йўқ, онда-сонда ўзимдан қониқмаслигим мумкин, бироқ ўзимни койимайман — 3.
8. Агар у билан жанжаллашиб қолсангиз, биринчи бўлиб бўйин эгишга тайёрмисиз?
а) Одатда жанжалларимизда мен айбдор бўлмайман — 3;
б) Кўпинча муаммони ҳал этишга уринаман — 4;
с) Муаммонинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаб, бир тўхтамга келиб олишга ҳаракат қиламан — 5.
9. Сизнингча, оилани нималар мустаҳкамлайди?
а) Икки инсон бир-бирини тушуна олиши —5;
б) Молиявий фаровонлик — 3;
с) Муҳаббат ва эҳтирос — 4;
10. Бўлажак жуфтингиздан яширадиган сирларингиз борми?
а) Ошкораликни ёқтираман, заррача иккиюзламачиликни сезсам, ўзимни тутолмайман — 5;
б) Ҳаёт, бу — ўйин. У қанча сирли бўлса, шунча қизиқарли — 3;
с) Албатта, инсонларда доим ҳам айтилмайдиган гаплар бўлиши мумкин — 4.
11. Бўлажак турмуш ўртоғингиз аввал кимнидир севганини эшитиб қолдингиз, сизнинг ҳаракатларингиз...
а) Қизлар билан гаплашишда тажрибаси борлигидан хурсанд бўламан — 3;
б) Менимча, бу кечириб бўлмас ҳолат — 4;
с) Мен учун бу у қадар муҳим эмас, нимаики бўлган бўлса, аллақачон ўтиб кетган — 5.
12. Рашкчимисиз?
а) Инсон бошқаларга ишониши ва шубҳа уйғотмаслиги лозим — 5;
б) Баъзида шубҳага етарли асос бўлганида рашк қиламан — 4;
с) Ҳа, биламан, бу менинг камчилигим, аммо бошқача бўлиш қўлимдан келмайди — 3.
13. Бўлажак турмуш ўртоғингиз бошқа қиз билан мароқли суҳбат қураётганини кўрсангиз...
а) Ҳафсалам пир бўлади, бироқ буни сездирмайман, уларнинг суҳбатига қўшилиб, эътиборни ўзимга қаратишга уринаман — 5;
б) Муаммони «иссиғида» ҳал қилишга одатланганман, ўша жойнинг ўзида вазиятга ойдинлик киритиб оламан — 4;
с) Мен ҳам ўзимга қарама-қарши жинс вакиллари орасидан бирор суҳбатдош топиб оламан — 3.
Натижалар:
40 баллдан паст
Сизга бўлажак жуфтингизнинг ички дунёсидан кўра ташқи кўриниши, бадавлатлиги ва бошқа хусусиятлари муҳимроқ кўринади. Бироқ оилавий ҳаёт бахтли якунга эга эртак ҳам, «сиздан угина, биздан бугина» қиладиган бозор ҳам эмас. Ҳеч қандай молиявий барқарорлик чинакам туйғуларнинг ўрнини босолмайди. Вақти келиб, бу ҳақдаги фикрларингиз ўзгаради, унгача шошилмаганингиз маъқул.
40 дан 45 баллгача
Бир қарашда мақсадга яқинлашиб қолгандек бўлсангиз-да, эндигина биринчи қадамларни қўяётганингизни ёдингизда сақланг. Ҳаётнинг мураккабликларини енгиб ўтишга куч топа олсангизгина, фаровон оиланинг бекасига айланасиз. Ўзингиз ва жуфтингиз учун масъулиятни бўйнингизга ололсангиз, демак, турмуш қуришга тайёрсиз. Аммо бунда асқатиши мумкин бўлган сабр ва матонат каби хислатларни ўзингизда мужассамлаштиришга аҳамият беринг.
45 балдан юқори
Сиз “ҳа” дейдиган инсон чинданда бахтли. Чунки ҳар қандай танловни ўйлаб, тарозига тортиб кўриш сизга хос хусусият. Вазминлигингиз, сезгирлигингиз, доно қарорлар қабул қила олиш қобилиятингиз туфайли турмушнинг «мушт»ларига камроқ дуч келасиз. Мустаҳкам ва ишончли қўрғон қуришга жиддий киришгансиз, сизга омад!
САОДАТ тайёрлади.
Манба: Darakchi.uz